Ўзбекистонда қулупнайни йил бўйи етиштириш бўйича Корея технологияси пайдо бўлади, деб хабар бермоқда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 22 август куни Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Корея қишлоқ бирлашмаси корпорацияси (KRC), Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида таълимни ривожлантириш ва ахборот хизмати бўйича Корея агентлиги (EPIS) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар мавжуд ва режалаштирилган қўшма лойиҳалар доирасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.
Учрашувда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва EPIS ўртасида янги лойиҳани бошлаш бўйича келишув имзоланган. «Йил бўйи қулупнай етиштириш бўйича замонавий Корея технологияларини жорий этиш» номли ушбу лойиҳа Жанубий Корея ҳукуматининг ривожланиш бўйича расмий кўмаги (ODA) йўналишида тақдим этиладиган грант маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
3,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа 2026 йил декабрь ойига қадар амалга оширилади.
Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агрохизматлар маркази (Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани) ҳудудида қуёш батареяларида ишлайдиган қулупнай етиштирувчи замонавий иссиқхона қурилади. Бундан ташқари, кореялик мутахассислар томонидан кўчатлар учун иссиқхона ҳамда юқори сифатли қулупнай кўчатларини етиштириш бўйича in vitro лабораторияси қурилиб, жиҳозланади.
Таъкидланишича, лойиҳа ўзбек қулупнай маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда брендинги ва маркетингига кўмаклашади.
Изоҳ (0)