Фарғона вилоятида тадбиркорга кредит ажратиб беришни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Д.I. «Д.V.» МЧЖ раҳбари Р.нинг ишончига кириб, ушбу МЧЖга юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида банк муассасасидан 3,1 миллиард сўм кредит ажратилишида ёрдам бериши эвазига 3000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)