23 август куни Миллий гвардия қўмондони генерал майор Рустам Жўраевнинг конгрессмен Трент Келли ва Дарин Лахудлар бошчилигидаги АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.
Миллий гвардия матбуот хизматининг хабар қилишича, мулоқот давомида Ўзбекистон Миллий гвардиясининг АҚШ томони билан ҳарбий ҳамкорлиги, шу жумладан АҚШ Миссисипи штати Миллий гвардияси билан икки томонлама алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида шу кунга қадар бир қатор ўқувлар ва амалий тренинглар муваффақиятли ўтказилгани, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари АҚШ мутахассислари иштирокидаги ўқув курслари ва семинарларда малакаларини оширгани таъкидлаб ўтилди.
Учрашув давомида жамоат тартибини сақлаш, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда ҳолатларни олдини олиш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси делегацияси Ўзбекистон—АҚШ ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун 20 август куни Тошкентга келганди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)