Ижтимоий тармоқларда «Бағдодда нима гаплар?» сарлавҳали хабар тарқалганди. Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ҳолат ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, 17 август куни фуқаро Х.А. ўзига тегишли бўлган, Бағдод тумани «Мирзабод» МФЙ ҳудудида жойлашган гўшт дўкони олдида фуқаролар А.Т. ва Ш.Т. билан ўзаро гап талашиб, жанжаллашиб кетган. Жанжал давомида Х.А. А.Т. ва Ш.Т.га гўшт дўконидан олган пичоқ билан тан жароҳати етказган.
Туман тиббиёт бўлимининг дастлабки маълумотига кўра, Ш.Т. етказилган оғир тан жароҳати оқибатида тиббиёт бўлимида вафот этган. Фуқаро А.Т. енгил тан жароҳати олиб, шифохонада даволанмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Бағдод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумондор шахс ушланган.
Изоҳ (0)