15 август куни Давлат экология қўмитаси томонидан 20 август—Тадбиркорлар куни муносабати билан тадбиркорлар учун очиқ мулоқот ташкил этилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар қилди.
Унда айтилишича, қўмита тизимида жорий йилнинг 7 ойи давомида жами 21 920 та тадбиркорларга турли йўналишларда давлат хизматлари кўрсатилган. 2020 йил 7 сентябрда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор билан атроф муҳитга таъсир кўрсатиши юқори ва ўртача даражада хавфли бўлган фаолият турларининг атроф муҳитга ва аҳоли соғлиғига салбий таъсирини муҳокама қилиш бўйича жамоатчилик эшитувларини ўтказиш амалиёти жорий этилиб, салбий ҳолатларни олдини олишга замин яратилган.
Шунингдек, 2026 йил 1 январгача чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш кетиш, саралаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун фойда солиғи (амалда 15 фоиз) ва ижтимоий солиқ (амалда 12 фоиз) ставкаси 1 фоизга туширилмоқда.
Тадбиркорларни республикада ишлаб чиқарилмайдиган махсус техника, технологик ускуналар ва эҳтиёт қисмларни олиб киришда божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона йиғимларидан ташқари) озод қилиш бўйича имтиёз муддати 2025 йил 1 августга қадар узайтирилмоқда. (Амалда ушбу имтиёз 2023 йил 1 январгача берилган. Имтиёз узайтирилиши билан тадбиркорлар ихтиёрида 15,1 миллиард сўм қолади).
Тадбир давомида Давлат экология қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш фаолияти турлари бўйича тақдимотлар намойиш қилиниб, мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилган.
Тадбирда тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланиб, фаолиятлари давомида юзага келаётган масалалалар бўйича ечим берилган.
Изоҳ (0)