Ўзбекистонда муомаладаги нақд пул миқдори 42 трлн сўмдан ошди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботидан маълум бўлди.
Муомалага чиқарилган нақд пуллар май ойида 3,7 трлн сўмга кўпайган бўлса, июнь ойида бу кўрсаткич 3,6 трлн сўм бўлган эди.
Июль ойида эса нақд пул миқдори кўпайиши секинлашди ва 1,9 трлн сўмга ўсди. Натижада 1 август ҳолатига кўра, қарийб 42,4 трлн сўмга етди.
Шу тариқа муомаладаги нақд пул миқдори 2013 йилдан бери кетма-кет тўртинчи ой рекорд даражага етди. Статистика айнан шу йилдан бошлаб келтирилган.
Май ойида кенг маънодаги пул массаси рекорд даражада кўпайиб, (+13,3 трлн сўм) 158,5 трлн сўм бўлган эди. Июнда эса бу кўрсаткич деярли ўзгаришсиз қолди. Августда эса 159,1 трлн сўмга етди.
Ўтган ойда миллий валютадаги жами пул массаси 1,1 трлн сўмга ошиб, 114,7 трлн сўмни ташкил этган.
Чет эл валютасидаги депозитлар май ойида рекорд даражада кўпайиб, 50 млрд сўмдан ошиб кетган эди. Июнь ойида эса 44,8 трлн сўмгача камайди.
Марказий банк томонидан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида муомалага қўшимча 13,6 трлн сўм нақд пуллар чиқарилди.
Бундан ташқари, нақд пулга бўлган талабни қондириш мақсадида, 15 июлдан Ўзбекистонда 200 минг сўмлик банкнота муомалага киритилди.
Аввалроқ Марказий банк Ўзбекистонда доллар курси билан боғлиқ вазиятни тушунтиргани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)