Ижтимоий тармоқларда ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи Саидов Олим Чориқуловичга тегишлилиги айтилган «визитка» сурати тарқалди. У кўчада қўлма-қўл бўлиб кетгани, «визитка»ни кўрган ЙПХ ходимлари ҳар қандай қоидалар бузилишига кўз юмаётгани айтилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бунга муносабат билдирди.
Унда айтилишича, суратда акс этган «визитка» сохта бўлиб, ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи Саидов Олим Чориқуловичга тегишли эмас. «Ўзбекистон Республикаси ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи» дея нотўғри лавозим кўрсатилгани ҳам ушбу қоғознинг сохта ва фирибгарлик мақсадида тайёрланганининг яққол исботидир (тўғри номланиши — Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи).
Мазкур «визитка» билан боғлиқ ҳолат 2022 йилда ЙПХ ходими томонидан аниқланган ва тегишли тартибда билдирги орқали маълум қилинган. Ходимнинг билдиргиси асосида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 1996 йилда туғилган С.О.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (такроран фирибгарлик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ташриф қоғози ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслигини ва ҳеч кимга муайян ҳуқуқ ҳамда имтиёз бермаслигини маълум қиламиз.
Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз», — дейилади Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабарида.
Изоҳ (0)