Ҳиндистоннинг Ченнаи шаҳри мезбонлик қилган 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг сўнгги тур баҳслари 9 август, сешанба куни бўлиб ўтди.
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ҳал қилувчи турда Нидерландияга қарши баҳс олиб борди.
Жаҳонгир Воҳидов ўз партиясини ғалаба билан якунлади. Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдоров эса дуранг қайд этди. Ўзбекистон 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мазкур ғалаба орқали Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси олтин медал масаласини ҳал қилди ва ўз тарихида илк бор Олимпиада чемпионига айланди.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Олимпиадада бирорта турни бой бермаган ягона жамоа бўлди.
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси шахмат Олимпиадасида Непал (4:0), Фарер ороллари (4:0), Словения (3:1), Словакия (4:0), Перу (4:0), Германия (2,5:1,5), Арманистон (3:1) термаларини ютган бўлса, АҚШ, Ҳиндистон ва Ҳиндистон-2 билан дуранг (2:2) ўйнади.
Аввалроқ 2026 йилда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасига Ўзбекистон мезбонлик қилиши маълум бўлганди.
Изоҳ (0)