Фаолиятини сўнгги йилларини ўтказаётган машҳур футболчилар молиявий яхши таклиф ва турли лойиҳалар сабаб кўп ҳолларда хориж мамлакатларига йўл олади. Айниқса, араб лигалари азалдан машҳур номларни ўзига жалб қилишни одат тусига киритган. Қуйидаги ўз фаолият йўлини араб мамлакатлари билан боғлаган футболчилар ҳақида сўз боради.
Хави («Ас-Садд», Қатар)
Хави 2015 йилда «Барселона»ни тарк этгандан кейин Қатар клуби сафига йўл олади. 2019 йилда эса у жамоа бош мураббийи этиб тайинланади. У «Ас-Садд»да йилига 10 миллион евро маош олиши ҳақида хабарлар янграганди.
Санти Касорла («Ас-Садд», Қатар)
2020 йилдан буён Касорла Қатарда тўп суради. У Хави қўл остида ўйнашга ҳам улгурган. ОАВда унинг маоши ҳақида маълумот тарқалмаган.
Рауль Гонсалес («Ас-Садд», Қатар)
2012 йилдан 2014 йилга қадар Рауль «Ас-Садд»да ўйнаган ва клуб билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. Фаолиятининг сўнгги йилларида у йилига 6 миллион евро маош олган.
Марио Манжукич («Ад-Дуҳайл», Қатар)
2019 йилда хорватиялик футболчи А Сериядан Қатар чемпионатига йўл олган. У ярим йилни «Ад-Дуҳайл»да ўтказди, айнан ўша вақтда пандемия бошланиб қолди. Шартнома бўйича Марионинг маоши йилига 7,5 миллион еврони ташкил қилган.
Себастьян Жовинко («Ал-Ҳилол», Саудия Арабистони)
Араб диёрига йўл олишдан олдин Жовинко уч йил Канадада ҳам тўп суриб келганди. «Ал-Ҳилол» сафида 2019—2021 йиллар мобайнида тзўп сурди. ОАВга кўра, унинг йиллик маоши 10 миллион евро атрофида бўлган.
Фабио Каннаваро («Ал-Аҳли», БАА)
Италиялик ҳимоячи 2010—2011 йилларда БААда тўп тепган. «Ал-Аҳли» билан шартнома икки йиллик эди, бироқ у дастлабки мавсумда тиззасидаги жароҳат сабаб фаолиятини якунлаган. Кетиш арафасида Фабио йилига 5 миллион евро маош олган.
Хосеп Гвардиола («Ал-Аҳли», Қатар)
Гвардиола ҳам «Ал-Аҳли»да тўп сурган, фақат Қатарникида. Пеп ўзини Европа даражасидаги ўйинчи сифатида ҳисобламайди ва шарқ томон йўл олади. 2003—2005 йилларда унинг маоши йилига 2 миллион евродан ошиқ эди.
Хамес Родиргес («Ар-Райён», Қатар)
2021 йилда «Эвертон» билан тортишиб қолган Хамес «туманли Албион»ни тарк этиб, Қатарга келади. Айни вақтда ҳам «Ар-Райён» шарафини ҳимоя қилаётган футболчининг маоши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.