Ҳиндистоннинг Ченнаи шаҳри мезбонлигида ўтаётган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг 8 август кунги баҳслари якунланди.
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 10-тур доирасида Ҳиндистон-2 га қарши дона сурди ва 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этди. Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов ўз партияларини дуранг натижа билан якунлади. Жавоҳир Синдоров мағлубиятга учраган бўлса, Нодирбек Абдусатторов кучли рақиб устидан ғалаба қозонди.
Қайд этиш керак, Абдусатторов қийин вазиятда бўла туриб, якунда ғалабани қўлга киритди. Унинг рақиби Гукеш мазкур мусобақа доирасида бунга қадар 8 та ўйинни ғалаба билан якунлаган ва битта дуранг қайд этганди.
Мазкур натижадан кейин Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 17 очко билан умумий рейтингда пешқадамлар қаторида бормоқда. 9 август куни сўнгги тур баҳслари бўлиб ўтади. Ўзбекистоннинг рақиби кейинроқ маълум бўлади.
Аввалроқ президент қарорига кўра, Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси совриндорлари катта пул мукофотига эга бўлиши хабар қилинганди.