Бухородаги буғдойзорга ташлаб кетилган, кейинчалик онаси топилган бола 2022 йилнинг январь ойида туғилгани маълум бўлди. У айни пайтда Бухоро шаҳридаги Болалар уйида тарбияланмоқда.
«Биз қизалоқнинг шахси аниқланмагани учун дастлаб унга Умида деб исм қўйган эдик. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан уни ташлаб кетган онаси топилгач, қизалоқнинг исми Муслима экани маълум бўлди. Муслима соғлом ва ўз тенгдошларига нисбатан анча ҳаракатчан, тетик. Иштаҳаси яхши. Алоҳида энага бириктирганмиз», — дейди Болалар уйи раҳбари Дилфуза Эшмуродова.
Унинг сўзига кўра, Муслима бошқа болалар каби аста-секин онасизликка кўникмоқда.
«Жуда кўп фуқаролар бу қизалоқни фарзандликка олиш истагини билдирмоқда. Лекин тергов ҳаракатлари давом этаётгани боис, қизалоқ фақат бизнинг ғамхўрлигимиз ва қарамоғимиз остида бўлади. Тарбиячи, энагаларимиз меҳрибон. Бола ҳам аста-секин онасизликка кўникди», — дейди Дилфуза Эшмуродова.
Билдирилишича, қизалоқнинг онаси самарқандлик бўлиб, унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан айни пайтда Ғиждувон туман ички ишлар бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Дарё» мухбирининг аниқлик киритишича, қизалоқнинг онаси жуда ёш ва ўзи ҳам етимликда улғайган. Қийинчилик, шароитсизлик сабаб фарзандини ташлаб кетган.
«Боланинг отасини ҳам топиш ҳаракатлари бошланган. Қизалоқни онасига қайтариш ёхуд давлат қарамоғида қолдириш ҳақида тергов ҳаракатлари якунлангач бир тўхтамга келинади», — деди ички ишлар ходими.
Изоҳ (0)