Хитой 3 августдан Тайванга табиий қум етказиб беришни тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда Хитой Савдо вазирлиги хабар берди.
Хитой божхона хизмати маълумотларига кўра, шунингдек, 3 августдан бошлаб Тайвандан цитрус мевалар ва икки турдаги балиқ импорти ҳам тўхтатилган.
Бундан ташқари, Хитой фуқаролари ва компанияларига Тайваннинг икки фонди билан бизнес юритиш тақиқланди. Хитой ҳукумати ушбу фондларни айирмачиликни қўллаб-қувватлаш ва Хитойни қоралашда айбламоқда.
Хитой Тайваннинг асосий савдо шериги ҳисобланади. 2021 йили уларнинг савдоси 26 фоизга ўсиб, 328 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, Тайван импортдан кўра кўпроқ экспорт қилди.
2020 йилда Тайван деярли 5,7 миллион тонна қум ва шағал импорт қилган эди (шундан 8 фоизини бетон ва асфальт ишлаб чиқаришда ишлатиладиган табиий қум ташкил этган). Ушбу ҳажмнинг ўндан тўққиз қисмини Хитой етказиб берган. Хитой 2007 йилда ҳам Тайванга қум экспортини тақиқлаган эди; бу бир йилдан кейин бекор қилинган.
2 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси — Америка сиёсий тизимидаги учинчи шахс Тайванга учиб кетди (Конгресс қуйи палатаси спикери 1997 йилдан бери Тайванга келмаган). Пелоси Тайван парламентига ташриф буюрди ва оролнинг ижрочи директори Сай Инвен билан учрашди ҳамда унга «Меҳрибон булутлар» орденини топширди.
Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой расмийларини ғазаблантирди. Улар Тайван яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказилишини эълон қилди.
Изоҳ (0)