Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров маърузалардан бирида мусулмонларни масжидларга қилинаётган эҳсонлари баробарида, етим-есир, бева-бечораларга ҳам ёрдам беришга чақирди.
Сиз бир масжидни бино қилишга ҳисса қўшдингизми, битта камбағални ҳам кўнглини кўтариб қўйинг, битта етимни ҳам бошини силанг. Эртага дорисига пул тополмаяпман, егани гўшти йўқ бир гўдак келиб, бу нақшларга қараб, бу пулга ман онамга қанча дори олишим мумкин эди, демасин. Камбағал, фақир бу ердан ўтиб кетаётиб, ҳар йили қишда уйининг томидан чакки ўтиб тураркан, мана шу томнинг бир парчаси мени уйимда бўлса эди, деб орзу қилмасин.Энди бу қавм шундай бино қилганлар, албатта, шу атрофда етим-есир, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олинг. Ана ўшанда масжидимиз ярашади, ана ўшанда бу нарсалар чиройли бўлади.
Лекин ҳаммамиз фақатгина бор маблағимизни шунга сарфлаб, шуни бино қилсак, шу савоб бўлади, десак, аммо бу ерда битта етим қийналаётган бўлса, буни савобини ололмай қоламиз.
Кейинги пайтда масжидлар нақшинкор, миноралар баланд бўлган билан етим, камбағал, хонадонларда қийинчилик бўлаётган бўлса, дорига пул тополмаётган бўлса, фарзандини ўқитишга пул тополмаётган бўлса шу нарса биз учун оғир мусибат бўлиб қолмасин», – дейди Нуриддин домла Холиқназаров.
Изоҳ (0)