Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги ошхонада 24 июль куни одам ўлими билан боғлиқ жиноят содир этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, шу куни соат 16:00 ларда Дўстлик тумани «Алишер Навоий» маҳалласида жойлашган ошхонада икки хўранда ўртасида низо келиб чиққан. Жанжалда Арнасой тумани «Бўстон» маҳалласида яшовчи шахс маст ҳолатда «Наврўз» маҳалласида яшовчи шахснинг юзига уриб, унга тан жароҳати етказган ва воқеа жойидан қочиб кетган.
Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан оғир тан жароҳати олган жабрланувчи шифохонада вафот этган. Марҳумнинг вафотига бош мияга қон қуйилиши жароҳати сабаб бўлган.
Гумонланувчи шахс ушланганда у 2019 йилда транспорт воситасини олиб қочгани учун 5 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилиб, жорий йил 25 май куни суд томонидан жазонинг қолган қисми ахлоқ тузатиш жазосига алмаштирилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тарзда қамоққа олинган.
Изоҳ (0)