Украина президенти Владимир Зеленский Андрей Костинни бош прокурор этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолади. Тегишли фармон президент сайтида эълон қилинган.
27 июль куни Украина Олий Радаси Андрей Костин номзодини қўллаб-қувватлади. Костиннинг тайинланишини ёқлаб 299 депутат овоз берди.
«Strana.ua» хабарига кўра, Андрей Костин иш бошлаганидан сўнг дарҳол Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратуранинг янги раҳбарини тасдиқлаган. Ушбу лавозимни Украинанинг Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси собиқ терговчиси Александр Клименко эгаллади.
49 ёшли Андрей Костин Одессада туғилган. 2019 йилда у «Халқ хизматкори» партиясидан Украина халқ депутати этиб сайланган. У Олий Раданинг Ҳуқуқий сиёсат бўйича қўмитаси раҳбари лавозимида ишлаган ва парламентда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари учун масъул бўлган.
Эслатиб ўтамиз, июль ойи ўрталарида Владимир Зеленский Ирина Венедиктовани бош прокурор лавозимидан, болаликдаги дўсти Иван Бакановни эса Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимидан озод қилган эди.
Изоҳ (0)