Неймар коррупция иши бўйича судда иштирок этади.
Бразилиянинг DIS инвестиция компанияси «ПСЖ» футболчиси, унинг ота-онаси, «Барселона»нинг собиқ президентлари Хосеп Бартомеу ва Сандро Росел ҳамда «Сантос»нинг собиқ директори Одилио Родригес устидан судга даъво аризаси берган.
DIS 2009 йилда Неймарнинг трансфер ҳуқуқи 40 фоизига эгалик қилган. Бироқ компания Неймар «Сантос»дан «Барселона»га ўтган вақтда фирибгарлик қурбонига айланганини айтиб, 150 миллион евродан ортиқ компенсация талаб қилган.
DIS ва прокурорларнинг фикрича, Неймар «Барселона»га ўтаётганда футболчи ҳамда унинг отаси клуб билан иккита шартнома имзолаган. Компания 2016 йилда буни «трансфер бозоридаги эркин рақобатнинг бузилиши», дея баҳолаган.
Прокуратура Неймар учун икки йиллик қамоқ ва 10 миллион евро миқдоридаги жарима сўрамоқда. DIS эса футболчини 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, худди шунча муддатга футбол ўйнашини тақиқлаш талаби билан чиққан. Ундан ташқари футболчининг ота-онасига ҳам 5 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўрамоқда. Прокуратура Неймарнинг отасини 2 йил, онасини 1 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиши тарафдори.
DIS «Барселона»нинг собиқ президенти Сандро Роселни ва ўша вақтда «кўк-анорранглилар» вице-президенти бўлган Хосеп Бартомеуни 8 йилга озодликдан маҳрум этилишини хоҳламоқда. Давлат айблови эса Роселга 5 йиллик қамоқ жазосини сўраган.
Ушбу иш бўйича 7 та суд мажлиси 2022 йил 17—31 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Дастлаб, каталонияликлар собиқ президенти Сандро Росел Неймар учун 57,1 миллион евро тўланганини, кейинроқ эса клуб ва футболчи ўртасида қўшимча шартномалар бор эканини айтганди. Неймарнинг отаси эса ўғлининг трансфери 100 миллион евро атрофида бўлганини маълум қилган.
Изоҳ (0)