Британиянинг бир қанча амалдорлари НАТО бош котиби лавозимига Борис Жонсоннинг номзодини қўллаб-қувватламоқда, деб ёзди Британиянинг The Telegraph газетаси. Шу билан бирга, нашр манбалари Франция Жонсонни ушбу лавозимга тайинлаш қарорига вето қўйиши мумкинлигидан хавотирда.
The Telegraph нашрининг ёзишича, НАТО бош котиби лавозими учун Борис Жонсоннинг номзодини Мудофаа қўмитаси аъзолари Ричард Дракс ва Марк Француа ҳамда Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши масалалари бўйича собиқ вазир Дэвид Жонс қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, Жонсон АҚШ ва Украинадан ёрдам олиши мумкин.
The Telegraph нашрига интервью берган айрим расмийларнинг фикрича, Франция президенти Эммануэль Макрон Жонсонни бу лавозимга тайинлаш қарорига вето қўйиши мумкин. Газета суҳбатдошлари буни муносабатларининг кескинлиги билан изоҳлади. Шунингдек, нашр манбаларининг фикрича, бош вазир ўзи билан боғлиқ сиёсий можаролар туфайли бу лавозимни эгалламаслиги ҳам мумкин.
НАТОнинг амалдаги бош котиби Йенс Столтенбергнинг ваколатлари 2023 йил сентябрда тугайди. Борис Жонсон ҳозир Британия бош вазири вазифасини бажарувчи ва Консерватив партия етакчиси сифатида ишламоқда. Консерватив партиянинг янги етакчи учун овоз бериш натижалари 5 сентябрь куни эълон қилиниши керак.
Изоҳ (0)