Аввал хабар берилганидек, 25 июнь куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Унга кўра, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яратиши Конституцияда белгилаб қўйилмоқда.
«Давлат кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди», дейилади 63-моддага киритилаётган ўзгаришда.
Жамиятимизнинг бирламчи бўғини бўлган оила институтини бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврида давлат томонидан ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш орқали оилаларда фаровон турмуш ва тинч-тотувликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан далолат беради.
Ушбу нормани киритиш оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилалар, кўп болали оилаларни моддий таъминотини кучайтириш, уларга имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини қонун даражасида таъминлайди.
Шунингдек, ушбу нормалар оилаларнинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга, жамиятимиздаги барқарорликни таъминлашга ҳамда иқтидорли ёш авлодни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Изоҳ (0)