Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Шавкат Мирзиёев раислигида 18 июль куни ўтказилган экин ерлари ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш мавзусида видеоселектор йиғилишида Бекобод тумани «Маллабой» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси йўлга қўйган ижобий тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.

«Мана, Бекободдай оғир туманда ҳоким ёрдамчиси қилаётган ишларни эшитдик. Ҳамма ҳоким ёрдамчиларига топшириғим бор. Ажратилаётган экин ерларида ишсиз аҳолини деҳқончиликка ўргатиш орқали даромадли қилиш – сизларнинг энг устувор вазифангиздир. Ҳар бир гектарда 10-15 ишсизларни банд қилиб, 3 марта ҳосил олиш, уруғ, ўғит, ёқилғи ва маҳсулот сотиб олишни йўлга қўйсангиз, биласизларми, эл-юрт олдида қандай ҳурмат-эътибор топасизлар!», – деди президент.

«Дарё» мухбирлари «Маллабой» маҳалласида бўлиб, у ерда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар ҳамда хотин-қизлар етакчилари билан суҳбатлашди.

Президент эътироф этган «Маллабой» маҳалласи ҳақида

«Маллабой» маҳалласи Бекобод тумани марказидан 7-8 чақирим олисда жойлашган. Бу ерда 3092 нафар аҳоли истиқомат қилади, 860 нафари 16-30 ёшдагилар. Ўтган асрнинг 30 йилларида водийлик Маллабой исмли киши оиласи билан қамишзор, чўл бўлиб ётган бу қишлоққа келиб, деҳқончилик қилади. Қўриқ ерлар ўзлаштирилаётган у пайтларда катта майдонларда атиги 3-4 оила деҳқончилик қилган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Уддабурон Маллабой ердан унумли фойдаланишни биладиган асл деҳқон бўлгани учун қўл остидагилар билан қийинчиликларни енгиб ўтиб, йилдан йилга мўл ҳосил ола бошлайди. Шу тариқа одамлар кўчиб келиб, аҳоли яшаш пункти пайдо бўлади. Қишлоққа унинг асосчиси номи берилади. Маълумотларга кўра, ҳозирда машҳур Маллабойнинг авлодлари тумандаги «Жумабозор» МФЙда истиқомат қилишади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Айни дамда маҳалланинг ер майдони 744 гектарни ташкил этади. «Маллабой» қишлоқ фуқаролар йиғини тугатилгунга қадар «Гулистон» ҚФЙ таркибида бўлган. 2016 йилда «Маллабой» расман маҳалла фуқаролар йиғини сифатида ташкил этилган. Ҳудуддаги деярли барча хонадонда иссиқхона мавжуд. Иссиқхоналарда бир йилда 3 маротаба ҳосил олинади. Айни пайтда маҳалла раиси сифатида Абдуллажон Сирожиддинов фаолият юритади.

«Аҳоли ўз уйида иссиқхона ташкил этилгандан сўнг йиллик 70 миллион сўм қўшимча даромад олишни бошлади»

«Маллабой» маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият олиб бораётган Жавлон Мусаев ўтган 6 ойда амалга оширган ишлар ҳақида гапириб берди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»
2022 йили президент ташаббуси билан маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимлари ташкил қилинди. Мен янги тизимга асосан Бекабод тумани «Маллабой» маҳалласида январь ойидан бошлаб ҳоким ёрдамчиси сифатида иш фаолиятимни бошладим. Маҳаллада 535 та хонадон, 3092 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг асосий фаолияти деҳқончиликка иҳтисослашган. Бугун кунда маҳаллада ўз томорқаларида иссиқхона  ташкил қилиш ва ундан даромад олиш амалга оширилиб келмоқда. Маҳалламиздаги 535 та хонадоннинг 502 тасида иссиқхона ташкил қилинган.

Ушбу лавозимда иш бошлаган вақтим аҳолига имтиёзли кредитлар асосида иссиқхона ташкил қилишни мақсад қилгандим. Шунга асосан 6 ой мобайнида 14 та хонадонда имтиёзли кредитлар асосида иссиқхоналар ташкил этилди. Қўшимча равишда аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда Бекобод тумани томорқа кенгаши билан ҳамкорликда 2 гектар ер майдонига корпорация асосида иссиқхоналар ташкил этдик. 48 та хонадон ушбу иссиқхоналарда ишлаб, қўшимча даромад олмоқда.

Иссиқхона ташкил қилишга нима сабаб бўлган, унинг нима фойдаси бор? Иссиқхонадан бир йил мобайнида 3 марта ҳосил олиш мумкин. Оддий томорқа ер майдонида олинадиган 1 йиллик даромад 10 миллион сўмгача етадиган бўлса, иссиқхона ташкил этилгандан кейин 70 миллион сўмга кўтарилади. Натижада аҳолининг томорқадан олаётган даромади ошди.

2022 йилнинг 6 ойи мобайнида маҳалламизда ўтган йилга нисбатан солиштирилганда икки бараварга ошди. Буларни ички бозордан орттириб Россия ва Тожикистонга 1700 тоннадан ортиқ сабзавот маҳсулотлари эскпорт қилинди.

Жавлон Мусаев, Бекобод тумани ҳоким ёрдамчиси

«36 нафар ёшларга ер бердик, 5 нафарига кредит, бир нафарига тикув машинаси олиб бердик»

«Маллабой» маҳалласи ёшлар етакчиси Фирдавс Дадабоев январь ойида ушбу лавозимга тайинланганидан кейин нима ишлар қилганини айтиб берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман
2022 йилнинг 19 январь куни «Маллабой» маҳалласига ёшлар етакчиси лавозимига тайинландим. Иш бошлаганимдан кейин маҳалладаги ёшларни хатлов қилдим. 16—30 ёшли фуқароларимиз маҳалламизда 718 нафарни ташкил қилди. Ҳар бир хонадонга кириб ёшларнинг бандлиги, ишсиз ёки ишли фуқароларни аниқлаб олдик.

Январь ойида аниқлаган бўлсак 32 нафар ишсиз ёшларимиз бор эди, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ёшларимизга деҳқон хўжалиги учун ерларни аукционда ютиб олиб бердик. 36 нафар ёшларимизни иш билан таъминладик, уларга 10 йил муддатга 10 сотихдан ер олиб бердик. Апрель ойида эккан ҳосиллари бугунги кунда пишиб, даромадга киришни бошлади.

Бир нафар ёшимизга субсидия асосида тикув машинаси, тўрт нафарига тадбиркорлигини ривожлантириш учун кредит олиб бердик. Яна 5 кишини пахта заводига ишга киргиздик.

Фирдавс Дадабоев, «Маллабой» маҳалласи ёшлар етакчиси

«Маҳалламиз аёллари ҳам давлат, ҳам рўзғор иши билан биргаликда, уйларида ташкил қилинган иссиқхоналарда ҳам фаол ишлаяпти»

«Маллабой» маҳалласи хотин-қизлар етакчиси лавозимида Қундузхон Олимова 2018 йилдан буён ушбу лавозимда ишлаши ва нима ишлар қилгани ҳақида гапириб берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман
Мен «Маллабой» маҳалласи хотин-қизлар етакчиси лавозимида 2018 йилдан буён ишлаяпман. Маҳалламизда 3092 нафат аҳоли бўлиб, шуларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Биз хатлов натижасида «Аёллар дафтари»нинг учинчи босқичини тугатдик. Биз бу босқич натижасида 85 нафар аёлни қамраб олдик. Уларни 6 тоифага ажратиб, 10 йилга мўлжалланган 10 сотихлик ердан 31 нафар аёлга бердик. Ҳозир аёлларимиз шу ерда ўзини-ўзи банд қилиб ишлаб келмоқда.

Маҳалламиз аёллари ҳам давлат иши, ҳам рўзғор иши билан биргаликда, ўзи уйларида ташкил қилинган иссиқхоналарда ҳам фаол ишлаяпти. Бугунги кунда маҳалламизда ажримлар, жиноятчилик йўқ.

«Аёллар дафтари»нинг 6-тоифасида фарзанди ногирон бўлган аёлларнинг 12 нафари қамраб олинган. Уларнинг ҳар бирига «Саҳоват ва кўмак» жамғармаси томонидан 1 млн 200 минг сўмдан моддий ёрдам берилди.

Қундузхон Олимова, «Маллабой» хотин-қизлар фаоли

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Совуқ урушни расман якунлаган Буш ва Ельцин, Францияга қочиб кетган машҳур режиссёр — Роман Полански ва “Буюк голланд тошқини”. Кун хронологиясида 1 февраль
Маҳаллий
Бизнес
Кремний водийсини забт этган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос: Асрор Арабжонов АҚШга қандай бориб қолгани, виза ва стартаплари ҳақида