Жорий йилнинг январь—июнь ойларида банк кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 40,8 фоизга (47,5 трлн сўм) ошди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Бу банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажми 22,2 трлн сўмга (52,7 фоиз) ва банклар томонидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш 13,6 трлн сўм (43,7 фоиз) ошиши ҳисобига юзага келди.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи яримида банк карталарига кирим қилинган маблағлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 80,6 фоизга (102,3 трлн сўмга) ошиб, 229,2 трлн сўмни ташкил қилди.
Ушбу маблағларнинг 80,1 трлн сўми — пенсия, нафақа ва иш ҳақи тўловлари, 67,9 трлн сўми — халқаро пул ўтказмалар ва картадан картага ўтказмалар, 47,1 трлн сўми — нақд пулда ва омонат ҳисобварақлардан банк карталарига кирим қилинган маблағлар ҳиссасига тўғри келган.
Ушбу даврда банк карталаридаги 64,3 трлн сўмлик (28,1 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.
Шундан, банкоматлар орқали 50,4 трлн сўм ва банк кассалари орқали 13,9 трлн сўм нақд пул ечилган.
Банкларга тушган нақд пуллар ва уларга бўлган талаб ўртасидаги фарқ Марказий банк томонидан муомалага қўшимча нақд пулларни чиқариш орқали таъминланди.
Банк томонидан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида муомалага қўшимча 11,8 трлн сўм нақд пуллар чиқарилди. 1 июль ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 25,6 фоизни ташкил этди.
Бундан ташқари, нақд пулга бўлган талабни қондириш мақсадида, 15 июлдан Ўзбекистонда 200 минг сўмлик банкнота муомалага киритилди.
Изоҳ (0)