«Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов март ойида Россия-Украина урушининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақида гапирган эди. Тадбиркор орадан тўрт ой ўтгач, яна ўз фикрлари билан бўлишди.
Зафар Ҳошимовнинг фикрича, урушнинг дастлабки кунларида бўлганидек келажакка нисбатан катта ноаниқликлар ҳали ҳам сақланиб турибди.
Ўтган ойлар давомида Россиянинг ҳарбий машинаси, Украинанинг жануби ва шарқида мустаҳкам ўрнашиб олди. Бутун прогрессив дунё эса украиналикларга инсонпарварлик, пул ва қурол-яроғ билан фаол ёрдам беряпти ва эндиликда уруш катта эҳтимол билан узоқ давом этиши борган сари ойдинлашяпти», — дейди тадбиркор.
Уруш давом этаркан, санкциялар, тақиқлар ва турли чекловлар ҳам сақланиб қолади. Бу шароитнинг барча ёқимсиз иқтисодий оқибатлари бизга у ёки бу даражада таъсир қилади ва бу таъсир ҳам тез орада йўқолиб кетмайди, дейди у.
Тадбиркор халқаро ташкилотларни глобал нархлар ошиши, инфляция, энергетика ва озиқ-овқат етишмовчилигини прогноз қилаётгани ҳақида ҳам алоҳида таъкидлаган.
Унинг айтишича, бу башоратларнинг баъзилари аллақачон дунёнинг бир қатор мамлакатлари истеъмол бозорларини қамраб ола бошлади ва оқибатлар, албатта, яқин келажакда янада кучаяди.
Бу ҳолат, афсуски, бизнинг минтақамиз учун ҳам оғир оқибатларни келтириб чиқаради. Негаки мамлакатимизда аҳолининг умумий даромадлари унчалик юқори эмас. Қолаверса, Россия – бизнинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкоримиз ҳамда бизга келувчи транспорт-логистика коридорларининг аксарияти айнан Россия орқали ўтади, бу мамлакат эса, кўриниб турибдики, тобора кўпроқ изоляцияга тушиб қолмоқда, — дейди «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси.
Зафар Ҳошимов кундалик ҳаётимизга эндигина салбий таъсир кўрсата бошлаган муаммоларни ҳам санаб ўтди:
- кўплаб йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг Россиядан чиқиб кетиши;
- бошқа корхоналарнинг қисқариши ва ишлаб чиқаришни тўхтатиши;
- етказиб бериш занжирларининг узилиши;
- хом ашё ва бутловчи қисмлар етишмаслиги;
- банк секторига киритилган санкцияларнинг таъсири;
- валюта чекловлари ва пул ўтказмалари тизимларидаги тўсиқлар.
Бундан ташқари, тадбиркор Россия кемалари ҳамда юк машиналари хорижий портлар ва йўлларга қўйилмаётгани, бунга жавобан Россия ҳам ўз ҳудудида Европа транспортининг ҳаракатланишини чеклаётганини айтган.
Бунинг ортидан бир қатор йирик логистика компаниялари юкларни Россия ҳудуди ва портлари орқали юк ташишдан бош тортяпти. Буларнинг барчаси — бизнинг ҳам истеъмол бозоримизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муаммоларнинг энг кўзга кўринарли қисмлари холос, — дейди Зафар Ҳошимов.
Унинг фикрича, истеъмол бозоримиз Россия ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларига иқтисодиётимизнинг бошқа секторларига қараганда кўпроқ боғланган.
Тадбиркор бунинг бир нечта сабабларини ҳам келтириб ўтган:
- совет давридан сақланиб қолган ишлаб чиқариш соҳаларидаги алоқалар;
- истеъмолчилар қайси маҳсулотларни афзал кўриши борасидаги ўхшашликлар;
- стандартлар, қулай логистика, рекламанинг Россия ОАВ орқали кириб келиши;
- таниқли брендлар ва бошқа турли омиллар.
Бизнинг ички бозоримиз Россия маҳсулотларига қарамлигининг ҳал қилувчи сабаби бу – Россия (ва бошқа МДҲ давлатлари) билан қулай божсиз савдо режими ўрнатилганидир. Шу билан бирга, дунёнинг бошқа мамлакатлари маҳсулотларига нисбатан импорт тарифлари анчагина юқори, — дейди Ҳошимов.
Яъни Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан маҳсулотлар олиб киришда импорт божлари ундирилмайди, бошқа мамлакатлардан келган товарлар эса анча юқори ставкаларга тортилади. Биз билан савдо алоқалари бўлмаган айрим давлатларнинг маҳсулотларига эса яқин-яқингача икки баравар бож солинган.
Мазкур тартиб президентнинг жорий йил 1 майдаги фармони билан бекор қилинди. Худди шу қарор билан 22 та товар гуруҳи учун божлар ҳам 2022 йил охиригача олиб ташланди.
Масалан, урушдан олдин мамлакатга Россия ва Украинадан жуда кўп шоколад олиб келинган ва бу маҳсулотлар бождан озод қилинган, аммо ўша шоколадни, айтайлик, Европа, Туркия ёки бошқа мамлакатлардан импорт қилишда ҳали ҳам бож ставкаси 30 фоиз.
Россия, Украина ва Беларусда ишлаб чиқаришдаги узилишлар ва логистика қийинчиликлари кузатилаётган ҳозирги вазиятда Ўзбекистонда истеъмол бозорини етарли ҳажмдаги товарлар билан таъминлаш масаласи тобора қийинлашмоқда.
Бундан ташқари бу мамлакатлар ўз ҳудудидан маълум товарларни олиб чиқиб кетишга кучли тақиқ қўймоқда, масалан, Қозоғистон ўз ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш учун маҳсулотлар экспортига чекловлар қўлламоқда.
Тўрт ой олдинги мақоламда «яқин» хориж фойдасига бундай тариф асимметрияси мавжудлиги янги воқелик нуқтаи назаридан мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги учун аниқ таҳдид эканини ёзган эдим. Афсуски, жанговар ҳаракатлар ва санкциялар давом этаётгани сабабли ўша пайтдаги потенциал хавфлар энди босқичма-босқич реалликка айланмоқда, — дейди Зафар Ҳошимов
Тадбиркорнинг айтишича, давлат ички бозорни узлуксиз таъминлаш ва энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан, шакар, гўшт, буғдой, ун, сариёғ, картошка ва бошқа бир қатор маҳсулотлар нархини ушлаб туриш учун жуда самарали фавқулодда чораларни кўрмоқда.
Лекин озиқ-овқат ва асосий саноат товарларининг тўлиқ ассортименти манбалари умумий географиясини фаолроқ диверсификация қилинмаса, бу чоралар етказиб беришнинг эҳтимолий узилишлари ва нархлар кескин ўсишининг олдини олиш учун етарли бўлмайди, — дея таъкидлади «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси.
Зафар Ҳошимовнинг фикрига кўра, озиқ-овқат тақчиллигининг олдини олиш ҳамда нархлар ошишига чек қўйиш бўйича биринчи ва тенгсиз қадам мавжуд:
Барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига, энг зарур саноат истеъмол товарларига ҳамда уларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш учун барча хом ашёларга импорт божлари ва акциз солиғини тўлиқ бекор қилиш, — дейди у.
Гап шундаки, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг энг катта ҳажмларига эга бир қанча давлатлар жаҳон бозоридан чиқиб кетиши билан, бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи аллақачон кескин кўтарила бошлаган.
Аммо бу ягона муаммо эмас. Тадбиркор келгуси бир неча йил ичида глобал озиқ-овқат тақчиллиги вақтинчалик мураккаблик ҳолатидан барқарор воқеликка айланиши ва жаҳонда нархлар фақат ўсиб бориши тобора аён бўлаётганини айтди.
Дизель ёқилғиси етишмаслиги ва давом этаётган жанговар ҳаракатлар туфайли украиналик фермерлар экиш кампаниясини ўтказа олмади, Россияда эса санкциялар туфайли уруғ, айрим турдаги ўғитлар, техника етишмаслиги туфайли экин экиш жараёни тўхтаб қолди.
Шу сабабли ҳам ҳозир жаҳон бозорларида биржада сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг барча спот ҳажмлари қандай тез сотиб олинаётгани, фьючерс нархлари барқарор ва тез ўсиб бормоқда.
Бизнинг ҳолатимизда, буларнинг барчаси географик жойлашувимиз тақозо этган логистика қийинчиликлари билан янада оғирлашади, деб таъкидлади Ҳошимов.
Шу нуқтаи назардан биз мамлакатга ҳар қандай, такрор айтаман, ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотини қанча кўп олиб келсак, шунча яхши. Мен тотал протексионизм мафкураси тарафдорларига алоҳида айтмоқчиман. Агар барча тариф чекловлари ҳозир олиб ташланмаса, бизда ҳимоя қиладиган ҳеч нарса қолмайди, — дейди Зафар Ҳошимов.
Кўпгина ишлаб чиқариш объектларимиз аллақачон хом ашё ва материаллар билан боғлиқ қийинчиликларни бошдан кечирмоқда ва тез орада ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришга мажбур бўлиши мумкин, деб ёзади тадбиркор.
Унинг фикрича, географик жиҳатдан диверсификацияланган янги импорт маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳажмда сиқиб чиқара олмаслиги аниқ.
Мен барча божлар ва акцизлар бекор қилингандан кейин ҳам Россия, Қозоғистон, Украина ва бошқа МДҲ давлатларидан келувчи етказиб бериш ҳажмини ҳатто қисман бўлса-да қоплаш мумкинлигига ишончим комил эмас, — дея таъкидлади «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси.
Ҳошимов маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яшаб қолиш имконияти сақланиб қолиши ва ҳатто сезиларли даражада ошишини айтаркан, улар ўзлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга улгуришлари кераклигини ёзган.
Бундан ташқари, ҳеч бўлмаганда логистика қийинчиликлари, ёқилғи ва бошқа харажатлар ортиб бораётгани сабабли импорт қилинадиган маҳсулотлар нархи объектив равишда шу пайтгача бўлганидан сезиларли даражада юқори бўлиши аниқ, — дейди у
Қолаверса, агар бож ва акцизлар сақланиб қолса, ноқонуний импорт ва истеъмол секторидаги қора бозор улуши кескин ошади ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қора бозордан ҳимоя қилиш қийин, балки имконсиз ишга айланади.
Тадбиркор яқин қўшни мамлакатлардан импорт қилинганлик учун шу пайтгача бюджетга тушум тушмагани ва бу импорт ҳажми барибир бошқа давлатлар орқали қопланмаслиги ортидан бюджет ҳеч нарса йўқотмаслигини таъкидлаган.
Қонуний бозорнинг ўсиши бюджетга тушадиган импортдан ҚҚС миқдорини оширади, деб ёзади у.
Тўрт ой давомида мен ва менинг жамоам бозорни тарк этаётган позицияларнинг ўрнини тўлдириш учун деярли кеча-ю кундуз турли хил маҳсулотларни қидирдик, шартнома туздик ва олиб келдик, лекин бу тобора қийинлашмоқда ва энг муҳими, қимматроқ бўлиб бормоқда.
Маҳсулот олиб келиш имконияти сақланиб қолаётган бозорларда ҳам захиралар ва ишлаб чиқариш қувватлари тугаб боряпти, кўплаб мамлакатлар мақсадли равишда ўз захираларини тўлдирмоқда ва маҳсулотлар экспортига тақиқ ва чекловлар қўймоқда.
Экспортдаги тақиқлар ва божлар пойгасида Россия ва Қозоғистонга Туркия ҳам қўшилди. Туркия ўсимлик ёғи ва бошқа бир қатор маҳсулотларни экспорт қилишни тақиқлади.
Мамлакатларнинг ўз истеъмол бозорларини ҳимоя қилишга бўлган бу «худбин» тенденцияси бутун дунёда кучайишда давом этади.
Олдинда ҳали бошқа хавф ва ноаниқликлар ҳам кутмоқда. Қатъий ҳаракат қилиш керак. Кечикиш бизга жуда қимматга тушади, — деган Зафар Ҳошимов
Ҳошимов тадбиркорларга бир нечта маслаҳатлар ҳам бериб ўтди:
Ҳеч бўлмаганда ўрта муддатли истиқболда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат (ҳар қандай), хом ашё ва бутловчи қисмлар, саноат учун зарур товарларни ишлаб чиқариш жуда жозибадор бизнесга айланади. Айни пайтда мамлакатга имкон қадар кўпроқ хом ашё, озиқ-овқат, уй-рўзғор буюмлари, шахсий гигиена воситалари ва бошқа истеъмол товарларини олиб кириш лозим.
«Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси давлат бу далилларни инобатга олиб, озиқ-овқат ва энг зарур товарлар йўлидаги барча тариф ва нотариф тўсиқларни олиб ташлашига умид қилишини айтган.
Изоҳ (0)