Миллионлаб мухлисларнинг қалбидан жой олган Болливуд оламидаги айрим актёр ва актрисалар бир кинофильмда икки образни гавдалантирган. Улар иштирокидаги бу фильмлар нафақат Ҳиндистонда, балки дунё бўйлаб севиб томоша қилинади.
Шоҳрух Хон — «Дон», «Қиёфадош», «Жумбоқ», «Фирибгар» кинофильмлари
«Дон» кинофильми
Triller, романтик ва комедия каби жанрларни бирлаштирган «Дон» кинофильмида Шоҳрух Хон икки образни гавдалантирган. Режиссёр Фархон Ахтар томонидан 2006 йилда суратга олинган фильмда актёр гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи гуруҳ раҳбари ва оддий инсон ролини ижро этган. Фильмда полиция раҳбари уларни алмаштириб гиёҳванд моддалар савдоси ҳақида маълумотларни билиб олмоқчи бўлади. Бунинг натижасида кўплаб жиноятлар фош бўлади. Актёр бу ижроси орқали кўплаб мухлисларнинг қалбини забт этган.
«Қиёфадош» кинофильми
Шоҳрух Хон иштирокидаги «Қиёфадош» фильми актёрнинг энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Актёр фильмда бир-бирига умуман ўхшамайдиган қиёфадошлар ролини гавдалантирган. «Қиёфадош» фильми 1998 йилда суратга олинган ва унда Шоҳрух Хон, Жуҳи Чавла, Сонали Бендра, Фарида Жалол каби машҳур актриса ва актёрлар рол ижро этган.
«Жумбоқ» кинокартинаси
Актёр ижросидаги навбатдаги «Жумбоқ» фильмида ҳам иккита: савдогар ва руҳ ролларини ижро этган. Унинг биринчи қаҳрамони савдогар содда ва ҳар доим ишини қўлдан бой берувчи образ бўлса, иккинчи образи руҳ роли мураккаб хусусиятларга эга. Кинофильм суратга олинганига бир неча йиллар бўлган, бироқ фильм ҳамон севиб томоша қилинади. Актёр фильмда Болливуднинг машҳур актрисаларидан бири Рани Мукержи билан партнёр бўлган.
«Фирибгар» фильми
Режиссёр Аббас Бурмавалланинг 1993 йилда суратга олинган «Фирибгар» кинофильмида Шоҳрух Хон икки образда: оддий инсон ва фирибгар ролини ижро этган. Фильмда у ота-онаси, синглиси учун қасос олишга ҳаракат қилади. У бунинг учун ташқи кўриниши, исмини ўзгартиради ва отасининг бойлигини тортиб олган инсоннинг икки қизидан қасд олишга ҳаракат қилади. Унинг катта қизини алдаб юради ва кейин уни ўлдиради. Қиз вафот этганидан кейин актёр унинг синглиси ролини ижро этган Кажол билан турмуш қуради. Орадан вақт ўтиб Шоҳрух Хоннинг барча жиноятлари фош бўлади.
Ҳема Малини — «Зита ва Гита» фильми
Болливуднинг дунё бўйлаб машҳурликка эришган эришган актрисаларидан бири Ҳема Малини «Зита ва Гита» фильмида феъл-атвор жиҳатидан бир-бирига ўхшамайдиган эгизаклар ролини ижро этган. Кинокартинада эгизаклар алмашиб қолади. Орадан анча йиллар ўтиб тасодифан улар алмашиб қолади. Кинофильмдаги кўплаб саргузаштлар мана шу жараёндан бошланади. Актриса биринчи образида қатъиятли, жасур, ақлли қиз ролини ижро этган бўлса, иккинчисида қўрқоқ, заиф қиз ролини гавдалантирган.
Ритик Рошан «Биз ёлғиз эмасмиз» кинофильмининг 3 та қисми
Болливуднинг кўплаб муваффақиятли кинофильмларининг режиссёри Ракеш Рошаннинг ўғли Ритик Рошан «Биз ёлғиз эмасмиз» фильмининг давоми сифатида суратга олинган «Криш 2», «Криш 3» кинофильмларида иккита ролни ижро этган. У фильмда ақлий нуқсони бор ота ва фарзанд ролини ижро этган. Бош қаҳрамон отасининг компьютери орқали ўзга сайёраликларга билмасдан сигнал юборади. Ерга келган ўзга сайёраликлар ичидан биттаси космик кемага чиқишга улгурмай қолиб кетади. Ўрмонда адашиб қолган ўзга сайёраликни эса йигит кўриб қолади. Уни одамлардан ҳимоя қилиш учун уйига олиб келади ва шундан кейин йигитнинг ҳаётида жуда кўп ўзгаришлар бўлади. Фильмда Ритик Рошан, Приянка Чопра, Рекҳа ва бошқа актёрлар иштирок этган.
Амир Хон «Тезлик 3» кинокартинаси
Болливуд юлдузи Амир Хон режиссёр Вижай Кришна Ачарянинг «Тезлик 3» кинофильмида икки ролни гавдалантирган. Эгизаклар ролини ижро этган актёр фильмда Болливуднинг бошқа юлдузлари: Катрина Каиф, Абҳишек Баччан, Удай Чопра билан биргаликда иштирок этган. Бир-бирига феъл-атвор жиҳатидан ўхшамайдиган эгизаклар роли Амир Хонга муваффақият олиб келди. Фильм жаҳоннинг кўплаб мамлакатларига сотилди. Унда бош қаҳрамон Саҳир кичкиналигида отасидан айрилади. Бунинг сабаби эса уларнинг циркини банк тортиб олади. Катта қарзга ботган цирк тортиб олинганидан кейин Саҳирнинг отаси ўз жонига қасд қилади. Шундан кейин Саҳир, унга нима бўлишидан қатъий назар, банкдан қасос олишга ваъда беради. У мақсадига эришади, банкни талон-тарож қилади, бироқ бу йўлда эгизак укасини йўқотади.
Ражеш Кҳанна «Садоқат» фильми
«Садоқат» фильми Ражеш Кҳанна иштирок этган энг яхши фильмлардан бири ҳисобланади. Фильм 1969 йилда суратга олинган. «Садоқат» кинокартинаси онанинг боласига бўлган чексиз севгиси, садоқати, ўғли учун умрининг кўп қисмини қамоқда ўтказган аёл ҳаёти ҳақидаги фильм. Ражеш Кҳанна фильмда ота ва фарзанд ролини ўйнаган. Учувчи йигит бир қизни яхши кўриб қолади ва у тўйи арафасида урушга кетиб ҳалок бўлади. Орадан вақт ўтиб унинг фарзанди дунёга келади. Қиз эса фарзандини болалар уйига топширади ва кетади. Боласини қайтиб олишга борганда эса болалар уйидаги ходимлар унга ўғлини бошқа оила боқиб олганини айтади. У эса ўша уйга боради ва хизматкор бўлиб ишлайди. Уй бекасининг укаси унга ёмон муносабатда бўлади ва буни унинг ўғли кўриб қолади. Бола йигитга пичоқ санчади ва у вафот этади. Аёл барча айбларни бўйнига олади ва қамалади. Қамоқдан чиққандан кейин у тақдир тақозоси билан яна ўғли билан учрашади.
Рекҳа «Қасос ўти» кинокартинаси
Ёши 70 га яқинлашган бўлса ҳам турмуш қурмаган актриса Рекҳа иштирокидаги ушбу фильм ўз даврида юқори рейтингларни забт этган. Фильмда у турмуш ўртоғининг вафотида сўнг икки фарзандини тарбиялаётган аёл ролини ижро этади. Рекҳани яхши кўриб қолгандек тутган йигит унинг бойликларига эга чиқмоқчи бўлади. Аслида бу йигит Рекҳани ўлдириб, унинг барча нарсаларига эгалик қилишни ва актрисанинг энг яқин дугонаси билан турмуш қуришни режалаштиради. Йигит Рекҳа ва унинг дугонаси билан саёҳатга чиқади ва кўлда тимсоҳни кўриб уни итариб юборади. Қиз тақдир тақозоси билан тирик қолади ва ҳушига келиб қарагач юзида катта ширамни кўради. Қасос ўти билан ёнган Рекҳа юзини пластик операция қилдиради ва унга ёмонлик қилган дугонаси, йигитдан қасд олади.
Амитабҳ Баччан «Шаҳаншоҳ» кинофильми
Амитабҳ Баччан иштирокидаги «Шаҳаншоҳ» кинофильми 1988 йилда суратга олинган. Унда актёр икки образни: оддий полициячи ва инсонларга ёрдам берадиган қаҳрамон ролини ижро этган. Ушбу фильмдаги қаҳрамонларнинг ҳам феъл-атвори бир-биридан фарқ қилади. Ижодий фаолияти давомида 14 та фильмда бир нечта образларни гавдалантирган Амитабҳ Баччаннинг ушбу фильми унга муваффақият ва шон-шуҳрат олиб келди.
Кажол «Эгизаклар» фильми
Болливуд юлдузи Кажол «Эгизаклар» фильмида иккита образни гавдалантирган. Фильмда Кажол, Сунилл Шетти ва бошқа актёрлар иштирок этган. Кинокартина 2001 йилда суратга олинган. Фильмнинг қаҳрамони эгизак опа-сингиллар Тина ва Свити очкўз қариндошларидан ажралиб туради. Бир неча йил ўтгач қизлар тасодифан учрашиб, бир-бирига ўхшашлигидан ҳайратга тушади, бунда қанақадир сир борлигини аниқлашга қарор қилади.
Мавзуга доир:
- 2022 йилнинг биринчи ярмида интернетда энг кўп муҳокама қилинган Болливуд юлдузлари (фото)
- Приянка Чопра — Голливуд актрисасининг овсини, Карина Капур Гарвардда ўқиган. Болливуд юлдузларини кутилмаган томондан кўрсатувчи фактлар
- Кинодаги карьерасини болалигиданоқ бошлаган Болливуд юлдузлари (фото)
- Раж Капур, Ражеш Ханна ва бошқа Болливуд афсонавий актёрлари биринчи фильмларида қандай кўринишда бўлган? (фото)
Изоҳ (0)