Актёр, каскадёр Йигитали Мамажонов «Дарё» интернет нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.
Актёр Йигитали Мамажонов суҳбат давомида илк маротаба дадаси ҳақида, унинг ота-онаси болалигида ажрашиб кетгани, дадасининг бахтсиз ҳодиса сабабли оламдан ўтгани, Россияда антенна қўйиб, кунига яхшигина даромад топган йиллари ҳақида гапириб берди.
— Йигитали Мамажонов раҳматли отаси ҳақида
— Дадам савдогар инсон бўлганлар. Даставвал савдони мева-сабзавот маҳсулотларининг савдоси билан бошлаганлар, кейинчалик эса валюта савдоси билан шуғулланганлар. Доллар у вақтларда юртимизда йўқ эди. Бўлса ҳам саноқли инсонларда бўлган. Дадам асли Ўзганда дунёга келганлар. Дадам тенги инсонлар ҳозир ҳам дадамни жуда яхши билишади. Улар спортчи инсон бўлганлар.
Мева-сабзавотларни Ўзбекистондан олиб, Россияга сотганлар. Ўша вақтларда онам билан танишганлар улар турмуш қурган ва мен Москва шаҳрида дунёга келганман. Москвада уйимиз бўлган.
Уч ёшимда ота-онам ажрашганларидан сўнг, алоҳида яшаганмиз. Дадам саккиз ёшимда оламдан ўтганлар. «Бўлди, сизларни ҳам ўзим билан олиб кетаман», дегандилар ўша келганларида. Аммо ўша воқеадан уч ой ўтиб, бахтсиз ҳодиса сабабли вафот этганлар. Ака ёки укаларим бўлмаган.
— Нега Йигитали Мамажонов онаси билан бирга яшамайди?
— Онам биз билан яшайдилар, аммо улар Тошкентга ўргана олмадилар. «Менга Хонабодим яхши» дейдилар. У ерда ҳам уйимиз бор, ҳавоси жуда салқин, катта ўзгаришлар бўлган. Йўллар равон, кўчалар жуда ёруғ бўлган. Одамлар кечалари сайр қилиб, мазза қилиб яшайдиган жойлар бўлган.
— Йигитали Мамажонов тўйларда бошловчилик қилганми, гонорари қанча бўлган?
— «Шу ишни қила олмайсан», деган гапни ёқтирмайман ва шу гапни аксини такрорлагим келади. Ёшлигимда омма олдида гапиришга, интервью беришга уялар эдим. Биринчи берган интервьюларимни кўргим келмайди.
Маълум вақт тўйларда бошловчилик қилганман. Тўй инсонни пулга қизиқтиради, аммо ижодини тўхтатиб қўяди. Шунинг учун тўйларимни кўпайтиришга ҳаракат қилмасдим. Тўйда жанжалли ҳолатлар бўлмаган, санъаткормиз, ҳурматимизни билиб, ибрат бўлишга ҳаракат қилганмиз.
Тўйларда биринчи чиқишларимда 200 доллар гонорар олганман. Кейинчалик 400-500 доллар ҳақ олардим. Охирги тўйим бир қадрдонимизнинг тўйида аёлим билан биргаликда бошловчилик қилганмиз.
— Йигитали Россияда антенна ўрнатиб, кунига 150-200 доллар пул топгани ҳақида?
— Моҳирилла ака деган уста акамиз, менга Россияда антенна қўйишни ўргатдилар. У акани ҳам бошидан жуда қийин кунлар ўтган экан. Энг қийин, баланд томларга чиқиб антенна қўярдим. «Али унақа баланд жойларга чиқманг, пастроққа қўяверамиз», деб хавотир олиб ўтирардилар. Россияда тўрт ой вақт давомида антенна қўйганман. Бу ишдан кунига 150-200 доллар пул топардим. Устамни топишини кўриб, «менга 150 доллар каммасмикан», деб ўйлаб қолардим. Бу жуда қийин касб эди.
Ўша вақтларда «Ойқиз эртаги» фильмида бош ролни ижро этиш учун 6 миллион сўм гонорар берамиз, деб чақиришган. Ўша фильм учун Россиядан қайтганман.
— Кулги жамоалари Йигитали Мамажонов ҳақида ҳазиллар қилишига қандай муносабат билдиради?
— Уларга эътибор ҳам бермайман, ҳаттоки баъзида уларни эшитмайман ҳам. Кимдир сиз ҳақингизда гапиришибди, деб кўрсаца кўраман. Улар ҳам энди ўзларининг фикр доирасидан келиб чиқиб ҳазил қилишади.
— Шоу-бизнес одамларининг қайси одатлари унга умуман ёқмайди?
— Шоу-бизнесдаги лаганбардорликни ёқтирмайман. Устоз, устоз, жоним устозим, деганларни жиним суймайди. Ёқтирмайман. Энг ёқтирмаган инсонларим лаганбардорлар.
Сиз билан ҳозир гаплашиб, Ферузбек сиз жуда қобилятлисиз, деб туриб, кетганиздан сўнг, шу Феруз исқирт болада, дейдиганлар бор. Орқадан гапирадиган одамларни жуда ёмон кўраман. Бу жуда ёмон одат. Ундан кўра ҳар бир орқадан қилинган гап-сўзни жойида аниқлаштириб олган яхши.
— Йигитали Мамажонов «Мендирман Жалолиддин» тарихий сериали кастингига борганми?
— Жалолиддин Мангуберди тарихий сериалининг кастингига чақиришди. Кастинга бордим, кастингни жуда зўр дея олмайман, чунки бирдан, жуда тез бўлиб кетди. «Қўлингдан нима келади», дейишди. Ўзим ҳақимда маълумот бердим. Ўқиганимни, сериал, кино, клипларда суратга тушганимни маълум қилдим.
«От минишни биласанми?», дейишди, «Фил минишни ҳам биламан», дедим. «Хоҳласангиз трюклар ҳам қила оламан», дедим, уни ҳам кўрсатганимдан сўнг «вой, зўр, Йигитали», деб қойил қолишди. Аммо мени бу ролга олишмади, чунки Жалолиддинни ўйнаётган турк актёри мен кўрсатган ишлардан бирортасини қила олмас эди. Уларга бу нарсаларни қилишга анча бор. Мақтаниш эмас, ҳали анча бор. Чунки бу ишларни у актёрларнинг ўрнига қилиши учун каскадёрларга пул тўлашади ва улар қилишади. Биз эса бу ишларни ўзимиз қиламиз. Керак бўлса ролни улардан яхши ўйнаб бера оламиз, фақат яхши режиссёр билан устимизда ишласак кифоя. Ўша рол билан яшаймиз, керак бўлса. Хуллас кейин сериалга чақирилганим ҳам йўқ.
Маълумот учун, Йигитали Мамажонов 1990 йил 16 июнь куни Москва шаҳрида дунёга келган. 2012 йилда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. 20 дан ортиқ фильм ва сериалларда бош ролларни ижро этган. 40 дан ортиқ видеоклипларда рол ижро этган.
Мавзуга доир:
- Йигитали Мамажонов Муқаддас Саъдуллаевага уйланганини Ёдгор Саъдиевнинг қистови билан ошкор қилганми? (видео)
- Йигитали Мамажонов рафиқаси Муқаддас Саъдуллаева унинг қайси шартини бажармаса, оиласи бузилишини маълум қилди (видео)
- Муқаддас Саъдуллаева биринчи турмуши бузилгани, Йигитали билан қандай танишгани ва Райҳоннинг эгизаклари ҳақида гапирди
- Йигитали Мамажонов нима учун Райҳоннинг уйида яшашга рози бўлгани ва «ҳозир қайнатасининг уйида яшайди» деган гап-сўзларга ойдинлик киритди (видео)
Изоҳ (0)