Дания пойтахтидаги савдо марказида юз берган отишмадан кейин уч киши ҳалок бўлди ва яна уч киши оғир аҳволда қолмоқда, деб ёзади «Интерфакс».
Копенгаген полицияси инспектори Серен Томассен аниқлик киритишича, қурбонларнинг учаласи ҳам эркак киши.
Унинг сўзларига кўра, отишма содир этганликда гумонланиб, 22 ёшли даниялик ҳибсга олинган. Томассеннинг қўшимча қилишича, полиция суриштирувни давом эттирмоқда, аммо ҳужумга яна кимдир алоқадор бўлганини билдирувчи белгилар йўқ.
Ҳодиса 3 июль куни кечқурун Копенгаген жанубидаги Field’s савдо марказида содир бўлди. Отишма чоғида Sunset Boulevard ресторанининг юқори қаватида бўлган хўрандалардан бири ТV2 телеканалига маълум қилишича, камида уч марта ўқ овозини эшитган ва савдо залидан югуриб чиқаётган одамларни кўрган. Бино ичкарисида бўлган ташрифчилардан бири олган 14 сонияли видеода ўқ овозлари ва одамлар бақириқларини эшитиш мумкин.
Жиноят теракт сифатида текширилмоқда, шаҳарда инқирозга тайёргарлик режими эълон қилинди.
Field’s савдо маркази Каструп аэропорти яқинида жойлашган. Телеканал маълумотларига кўра, унга жуда яқин жойда Royal Arena стадиони бўлиб, у ерда 3 июль куни британиялик қўшиқчи Гарри Стайлзнинг концерти бўлиб ўтиши керак эди. Шаҳар полицияси хавфсизлик нуқтаи назаридан тадбирни бекор қилишни талаб қилди.
Изоҳ (0)