Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ҳалок бўлган ва яраланган минглаб тинч аҳоли, фуқаролик инфратузилмаси ва турар-жой биноларининг оммавий вайрон қилиниши, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва зўравонликлар, қийноқлар ва шафқатсиз муносабат, жинсий зўравонлик — Россиянинг Украинага қуролли ҳужуми айнан шу нарсаларга олиб келди. Бу ҳақда БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси эълон қилган ҳисоботида айтилади, деб ёзмоқда Anadolu.

Фото: Anadolu

Фото: Anadolu

24 февралдан 15 майгача бўлган даврни ўз ичига олган ҳисоботда Украинанинг 30 дан ортиқ жойларида, жумладан, Киев, Чернигов, Харьков ва Суми вилоятларида тинч аҳолининг судсиз қатл қилиниши ва қирғин қилиниши ҳақидаги ҳисоботлар ҳужжатлаштирилган. Қатл ва қотилликлар февраль ва март ойларининг охирларида, ушбу ҳудудлар Россия қуролли кучлари назорати остида бўлган пайтда амалга оширилган.

15 май ҳолатига кўра, миссия 300 дан ортиқ шундай қотилликлар ҳақида маълумот олган. Янги далиллар пайдо бўлиши билан бу рақам ортиши мумкин. Биргина Буча шаҳрида миссия аъзолари «шаҳар Россия кучлари назорати остида бўлган пайтда улар томонидан камида 50 нафар тинч аҳоли ўлдирилганини ҳужжатлаштирган». Ҳисоботда тинч аҳолига нисбатан қийноқлар ва шафқатсиз муносабат ҳолатлари ҳам тасвирланган.

«Ҳар куни тинч аҳолининг ўлдирилиши, қийноқлар, уларнинг бедарак йўқолиши ва бошқа қонунбузарликларни тўхтатиш керак. Агар жанговар ҳаракатлар тўхтамаса, у ҳолда энг зарур минимал нарса бу халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилишдир», — деди БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси раҳбари Матилда Богнер.

Ҳисоботда шартнома қоидаларини бузишнинг кўплаб ҳолатлари қайд этилган. Хусусан, унда айтилишича, «кўп ҳолларда Россия Қуролли кучлари ва маълум даражада Украина қуролли кучлари тинч аҳолининг тасодифий нобуд бўлиши ва фуқаролик инфратузилмасига етказилган зарарнинг олдини олиш ёки ҳеч бўлмаганда минималлаштириш мақсадида мутаносиблик ва эҳтиёт чоралари тамойилларига амал қилмаган».

Матилда Богнер ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай шароитда қийноқлар ва ўзбошимчалик билан ҳаётдан маҳрум қилишнинг мутлақ тақиқланганини эслатди.

«Жиноятчилар жавобгарликка тортилиши керак, жабрланувчилар ва уларнинг яқинлари самарали ҳуқуқий ҳимоя олиш ва ҳақиқатни аниқлаш ҳуқуқидан фойдаланиши зарур», — деди мониторинг миссияси раҳбари.

Изоҳ
Асосий янгиликлар