Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь АҚШ иложи борича тезроқ Афғонистонга унинг миллий активларини қайтариб бериши кераклигини маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс» Хитойнинг «Синьхуа» агентлигига таяниб.
Чжао Лицзяннинг сўзларига кўра, АҚШ кўп йиллар давомида Афғонистонда кузатилган уруш ва низолар, камбағаллик, очарчилик ва одамларнинг азоб-уқубатлари учун жавобгардир.
Унинг қайд этишича, АҚШ Афғонистонга бостириб кирганидан кейин 20 йил давомида 30 мингдан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилган, 11 миллион одам эса қочқинга айланган. Шу даврда АҚШ, шунингдек, Афғонистонда наркотиклар ишлаб чиқариш ва улар билан савдо қилишга кўра-била туриб йўл қўйиб берган ва ўзи ҳам иштирок этган. Чжао Лицзянга кўра, кўкнор етиштириш ва опиум ишлаб чиқариш ҳажми ҳозир АҚШ бостириб киришидан олдинги даражадан анча юқоридир.
«АҚШ афғон халқидан сўрамасдан туриб, унинг одамлар ҳаётини қутқариши мумкин бўлган 7 миллиард доллар пулини музлатиб қўйди, бу эса уларнинг шароитини янада ёмонлаштирди», — деди Лицзян.
«Табиий офатлар ва техноген фалокатлар фонида АҚШ зудлик билан афғон халқини бўғишдан тўхташи ва унга Афғонистон миллий активларини имкони борича тезроқ қайтариши керак», — деди ХХР ТИВ вакили.
2021 йил 14 апрелда АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден Афғонистондаги ҳарбий амалиётини тўхтатиш қарорини эълон қилди, бу Америка тарихидаги энг узоқ хорижий ҳарбий кампанияга айланган эди. Америка қўшинларини олиб чиқиш 2021 йилнинг май ойида бошланган ва 31 августда якунланган.
Январь ойида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистоннинг давлат молиявий активларини блокдан чиқариш ва мамлакат учун гуманитар операцияларни молиялаштиришни кўпайтиришга чақирганди. Бироқ март ойи охирида Афғонистон активларини блокдан чиқариш эҳтимоли билан боғлиқ вазият «Толибон»нинг ўрта мактаб ўқувчи қизларини мактабга қўймаслик ҳақидаги қарори билан ёмонлашди. Хусусан, шу сабабдан АҚШ расмийлари толиблар билан режалаштирилган маслаҳатлашувлардан бош тортди.
Изоҳ (0)