Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги парламент делегацияси расмий ташриф билан Озарбайжонда бўлиб турибди. 29 июнь куни ташриф доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон тадбиркор аёлларининг биринчи бизнес-форуми бўлиб ўтган. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Форумда Ўзбекистон иқтисодиётининг деярли барча тармоқлари, хусусан, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик каби соҳаларни қамраб олган Ўзбекистон тадбиркор аёллари делегацияси иштирок этган.
Тадбирда сўзга чиққан ҳар икки мамлакат тадбиркор аёллари Ўзбекистон—Озарбайжоннинг турли соҳаларида тадбиркорликни ривожлантириш ва уларнинг салоҳиятини юксалтириш борасида тажриба алмашиш, долзарб муаммоларни муҳокама қилиш учун қулай майдонга айланган ушбу форумнинг аҳамияти ва долзарблигини таъкидлаган.
Тадбир сўнгида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича комиссия ҳузуридаги Тадбиркор аёллар клуби ҳамда Озарбайжонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш уюшмаси ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида «B2B» форматида ўтказилган учрашувлар натижасида 54 миллион доллардан ортиқ миқдорда 19 та шартнома ва меморандумлар имзоланган.
Аввалроқ Танзила Норбоева Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)