Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШнинг Греция ҳудудидаги ҳарбий базалари Россияга ҳужум қилиш учун тайёрланганига ишонмаслигини қайд этди.
Унинг фикрича мамлакат Европанинг бир қатор давлатларидан қурол-яроғ, жумладан, самолёт ва вертолётлар олади. АҚШ ҳам Грецияни қўллаб-қувватлаб туради. Туркия давлат раҳбари барча ёрдам қай мақсадда амалга оширилаётгани юзасидан мулоҳазалари билан бўлишган.
«АҚШ Грециядаги тўққизта базасини кенгайтирди. Бу кимга қарши қаратилган ҳаракат? Улар мазкур чора-тадбирлар Россияга қаратилгани ҳақида гапирмоқда. Бироқ ушбу важни ҳақиқат деб қабул қила олмаймиз»,— деган Эрдўғон Венесуэла президенти Николас Мадуро билан Анқарада ўтган музокаралар якунида.
Туркия ва Греция НАТЎга аъзо мамлакатлар ҳисобланади, икки давлат бир қатор масалалар юзасидан ўзаро баҳслашиб келади: Эгей денгизидаги ороллар мақоми, бўлинган Кипр муаммоси, нефть-газ разведкаси бўйича ҳамда ҳаво йўлларидан фойдаланишда ва бошқа низолар мавжуд.
Ўтган ҳафтада Эрдўғон Греция бош вазири Кириакос Мицотакис билан мулоқот ўтказишни рад этган. Мазкур қарорга қадар икки мамлакат ўртасидаги юқори даражадаги музокаралар 2021 йилдан қайта тикланганди.
Изоҳ (0)