1 июндан бошлаб Германиянинг барча шаҳарларида 9 евролик ойлик йўл чиптаси билан жамоат транспортида юриш мумкин бўлди.
Масалан, Берлинда сотиб олинган чипта Франкфурт, Гамбург, Мюнхен ва бошқа шаҳарларда ҳам амал қилади. Махсус таклиф бутун ёз давомида амал қилади — йўл чиптасининг уч ойлик нархи 27 евро.
Таққослаш учун, 2021 йилда Мюнхенда энг арзон ойлик йўл чиптаси — 57 евро, энг қиммати Гамбургда — 112,80 еврога сотилган.
Германия жамоат транспорти тарихида бундай арзон йўлкира нархи бўлмаган, деб ёзади DW. Ҳукумат ёнилғи ва озиқ-овқат нархларининг кескин ошишини юмшатиш учун ойлик йўл чипталарига 2,5 миллиард евро ажратди.
Германиянинг асосий темир йўл оператори Deutsche Bahn арзон йўлкира туфайли поездларда тирбандликлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Амалда шундай бўлди ҳам — маҳаллий аҳоли жамоат транспортига чиқиш учун катта навбатлар ва рейсларнинг бекор қилинишига дуч келишганини ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилишмоқда.
Изоҳ (0)