Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида томорқасида кўкнори ўсимлигини парваришлаётган шахс аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, 21 май куни Марғилон шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида «Ёвқочар» маҳалла ҳудудида яшовчи фуқаро Й.Э.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, томорқасида 170 туп кўкнори парваришлаб келаётгани аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинган.
Ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда Тожикистондан олиб ўтилган 2,8 кило опийни сотишга уринган шахс 12 йилга қамалгани, Самарқандда омборхона ерида 2 минг туп марихуана етиштирган шахслар текширув пайтида уларга ўт қўйгани, Фарғонада томорқасида 60 туп каннабис парваришлаб келаётган фуқаро аниқлангани хабар қилинган.
Изоҳ (0)