Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 8 бош ёввойи қуён овлаган шахс суд қарори билан салкам 5 миллион сўм жарима тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 1 май куни Деҳқонобод туманининг «Нодира» маҳалласида яшовчи фуқаро А.М. ов қуроли билан 8 бош ёввойи қуён овлаган. Бу ҳақда туман Экология бўлими хабар топгач, ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борган.
«Аввало шуни айтиш керакки, ушбу ҳолат содир бўлган пайтда Деҳқонобод тумани Экология бўлими томонидан тегишли ташкилотлар иштирокида белгиланган тартибда ўрганиш ўтказилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилган ва ов қуроллари қонуний тўхтамга келингунга қадар вақтинча далилий ашё сифатида олинган эди.
Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди 2022 йил 31 май куни мазкур ишни кўриб чиқиб, фуқаро А.М.га тегишли икки дона ов қуролини мусодара қилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси, 4-қисми (ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) билан унга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида маъмурий жарима қўллаган.
Шунингдек, ҳайвонот дунёсига етказилган 2 миллион 160 минг сўм зарар ҳам фуқаро ҳисобидан ундирилиши белгиланган», — дейилади ҳокимлик ахборотида.
Изоҳ (0)