Тошкент шаҳрида 1—2 июнь кунлари «Ўзбекистон ривожланиш йўлида: қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тадқиқотларини трансформация қилиш» мавзусида форум бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида илмий тадқиқотларнинг ижобий таъсирини ошириш мақсадида ўтказилмоқда, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Форум доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Шуҳрат Омонов ОАВ вакилларига интервью бераркан, иқлим ўзгаришининг мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасига таъсири хусусида сўз юритди.
«Иқлим ўзгариши глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Бунга қарши курашиш ва салбий оқибатларнинг олдини олишда илм-фаннинг аҳамияти жуда катта. Бугунги кунда ўзбек олимлари қурғоқчиликка, совуқ ва шўрга чидамли бўлган навларни яратиш устида жиддий ишларни олиб бормоқда. Бу албатта, маълум вақтни талаб қилади. Аммо бунга қарамай, селексиянинг ёки уруғчиликнинг янги тизимлари бўйича ҳам ишлар қилиняпти. Мисол учун, биотехнология тизими асосида янги навларни яратиб, уларни ишлаб чиқарувчиларга тезроқ етказиш, агротехникадан тўғри фойдаланиш масалаларига ечим топилмоқда.
Шунингдек, ҳозирги пайтда тупроқ унумдорлигининг кескин камайиб кетиш масаласи ҳам олдимизда турибди. Олимларимиз томонидан тупроқ унумдорлигини ошириш борасида бир қатор ишлар қилинмоқда. Микробиологик препаратлар билан тупроқдаги микроорганизмларни жонлантириш, ўзлаштирилмай қолган ўғитларни яна-да ўзлаштиришга жиддий эътибор бериляпти», — дейди вазирлик расмийси.
Изоҳ (0)