Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида «одамларни тупуриб даволайдиган табиб пайдо бўлди» изоҳли хабарлар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан текширув ўтказди.
Қайд этилишича, ўрганишлар давомида видео тасвирдаги табиб (Бўстонлиқ туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган) фуқаро Б.Й. аслида чорвачилик билан шуғулланиши, табиблик борасида маълумотга эга эмаслиги аниқланган. Фуқаро Б.Й. тахминан 2 йилдан буён Бўстонлиқ тумани Оқтош қишлоғидаги аҳоли орасида «Қуёшли» деб номланган тепаликда одамларга эчки сути сотиш билан шуғулланиб келган.
У ўзининг кўрсатмасида 27 май куни «Доривор ўсимликлар ҳақида»ги китобдан Читтигул илдизини кукун шаклида томоққа сепилса, «лоренгит» касаллигини даволаши ҳақида ўқиб қолганини айтган. Сўнг тоғдан Читтигул илдизини териб келган ва кукун шаклида майдалаб, қуёш тафтидан нафас олиш учун келган фуқароларга трубка орқали сепиб (пуркаб), ҳар бир муолажаси учун 20 минг сўмдан пул олган.
Шунингдек, текширув ҳаракати давомида фуқаро Б.Й. муолажа ўтказишда фойдаланиб келган буюмлар ашё тариқасида олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)