Молия вазирлиги Президент қарорига мувофиқ 4 млн 256 мингдан ортиқ пенсия ва нафақа олувчиларга 1,3 трлн сўм маблағ молиялаштирилиб берилганини маълум қилди. Тўлов қайдномалари шакллантирилиб Халқ банки ва бошқа банкларга етказиб берилган.
Қарорга асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда яшовчи юқорида қайд этилган тоифадаги фуқароларга ҳар бирига – 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқароларга эса – 400 минг сўмдан моддий ёрдам ажратилади.
Шунингдек, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали 4 млн 647 мингдан зиёд кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан моддий ёрдам бериш учун 929,5 млрд сўм маблағ Давлат бюджети ҳисобидан ажратилди.
Қарорга мувофиқ, бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилади.
Жорий йилнинг 29 май ҳолатига кўра пластик карталари орқали пенсия ва нафақа олувчи фуқароларнинг 100 фоиз ёки (4,9 млн фуқарога) 1,1 трлн сўмлик маблағлар банк пластик карталарига юклаб берилган.
Шунингдек, Халқ банкининг жойлардаги филиаллари орқали нақд пул шаклида тўловлар сайёр кассалар орқали 28 фоизга ёки (1,1 млн фуқарога) 303,4 млрд сўмлик маблағлар фуқароларига етказилди. Мазкур тўловлар жорий йил 8 июнга қадар якунланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига 400 минг сўмгача моддий ёрдам кўрсатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)