Ҳар ким ўз келажагини ёрқин қуриш мақсадида маълум йўлларни босиб ўтади. Ўзини турли соҳаларда синаб, маъқул йўлдан юра бошлайди. Бироқ олдиндан мўлжалланмаган, натижаси номаълум — таваккалга асосланган танловлар ҳам бўладики, тасаввурдаям бўлмаган келажак томон етаклайди.
Бунга АҚШ ҳукумати томонидан ҳар йили ажратиладиган «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси — DV» дастури бўйича ютуқ яққол мисол бўла олади.
Green Card лотереясида ғолиб бўлган 50 минг нафар фуқарога доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар тақдим этилади. Виза миқдори АҚШга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ белгиланади.
1997 йилда Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида дунёга келган Нигина Ортиқованинг оиласи 2015 йилда Green Card лотереясида ютуққа эришиб, АҚШга кетади.
Ўша вақтда инглиз тилини деярли билмаган Нигина биринчи ўринда тил ўрганиш вазифасини олдига қўяди. Унинг уддасидан чиқиб, ҳозирда АҚШдаги икки олийгоҳда ўқиб, улардан бирида иш фаолиятини ҳам олиб бораётган Нигина бугун «Қанотсиз парвоз» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамонига айланди.
У билан Америка ҳаёти ва кўпчиликнинг наздида омадли келажак туҳфа этувчи ушбу лотерея бугунги қаҳрамонимизнинг келаси фаолиятига қандай таъсир қилгани ҳақида гаплашамиз.
Америкага келганимизда инглиз тилини деярли билмасдим. Кейинчалик тил ўрганиб, топ аёллар университетига қабул қилинган олти нафар талабадан бирига айландим
Оилада бешта қиз фарзандмиз. Ота-онам илм олишга, китобхонлик ҳамда спортга қизиқтириш учун ёшлигимиздан турли усулларни қўллашарди. Кун тартибимиздан китоб ўқиш, шашка-шахмат ўйнаш ва ҳар хил тўгарак соатлари жой оларди.Самарқандда фақат бошланғич ва ўрта таълимларни олганман. Коллежда иккинчи курсгача ўқиб, кейин оилавий АҚШга иммиграция қилинганмиз.
Ўшанда мен инглиз тилини деярли билмасдим. Шу сабабли 2 йил қайта ўқишга мажбур бўлганман — High school’ни 10-синфдан 12-синфгача ўқиб, кейин Нью-Йорк шаҳридаги 2 йиллик Community College’га ўқишга кирганман.
Мен Community College’дан кейин Америкада топ аёллар университетларидан саналмиш Wellesley университетига киришни мақсад қилганман. Бироқ бу мураккаброқ масала эди. Рақобат кучли бўлган. Масалан, мен ўқишга кирган йилим атиги 6 та «трансфер» (кўчирма) талаба қабул қилинганди.Ҳозирда АҚШнинг Wellesley ҳамда Массачусетс технологиялар институтида 3-босқич талабасиман. У ерда Халқаро политика ва Ахборот технологиялари йўналишларини танлаганман.
Ёшлигимда дипломат бўлишни орзу қилардим. Уларнинг тартибли кийиниши ҳамда турли давлатларда бўлиши менда соҳага қизиқиш уйғотган.
Хориж университетларида танлов фанлар мавжуд бўлиб, ўқувчи қизиқишларидан келиб чиқиб, маълум фанлардан билим олиш имконига эга.
Одатда университет талабалари ўқиш даврида малакасини ошириш учун турли компанияларга вақтинчалик ишга жойлашади.
Мен ҳам ўқишнинг биринчи йилидан, энг аввало, малака ошириш, сўнг ўз портфолиомни бойитиш ҳамда қайси соҳада талантли эканимни аниқлаш мақсадида ҳархил компания ва илмий ишларда фаолият кўрсатаман.Ҳар биридан етарлича кўникмалар оламан. Ўйлайманки, ўқишни тамомлагач, эга бўлган тажрибаларим асосий ишимда менга қўл келади.
Менга доимий ўрганишни талаб қилиб, жадаллик билан ўсиб борадиган, ишлаш мураккаб бўлган фаолият турлари ёқади
Массачусетс технологиялар институтининг медиа лабораториясида илмий ассистентман. MIT замонавий технология ва стартапларга бой университет бўлгани учун, кичик стартаплар билан ишлайдиган ходимларни ишга олишга доим тайёр.Менинг медиа лабораториясидаги вазифам — продакт менежерлар билан бирга стартап ва IT-маҳсулотларни бугунги кун талабига жавоб бера олишини текшириб, мижозларга етказишда кўмаклашишдан иборат.
Фаолиятимнинг қийин, шу билан бирга, ютуқли тарафи — Америкада ишчи ходимларга катта талаблар қўйилади. Ўз устингизда доимий ишлашингиз, янгиликларни кўп ва тез ўрганишингиз шарт.
Бу осон эмас, албатта. Бироқ менга айнан шундай, жадаллик билан ўсиб борадиган соҳада ишлаш ёқади. Келаси ёзда эса Harvard университетида илмий иш ёрдамчиси бўлиб ишлаш режамда бор.
Америкада ишга кириш ёки вақтинчалик амалиёт ўташ жойларида ишлаш учун энг камида 3 та интервью босқичларидан ўтиш талаб этилади.
Ҳозирда компанияларга резюме билан онлайн мурожаат қилиш ҳам мумкин. Иш берувчига маъқул бўлса, интервьюга чақиради. Унда соҳангизга қараб турли саволлар берилади. Мен иш жойларимнинг барчасига уч босқичли интервьюлардан ўтиб, кирганман.
Ўқиш, иш ва кундалик ҳаётда бирдек фаол бўлиш бироз қийин ва стрессларга бой
Албатта, иш ва ҳаёт балансини ушлаш жуда қийин, баъзан стрессларга бой масала. Ҳар бир вазиятда менинг энг катта ёрдамчим — муддатларга мўлжалланган режимимни тўғри белгилаш ҳамда ибодатдир.Кўп йиллик тадқиқотлар креатив ёндашув аёлларда кучлироқ бўлишини исботлайди
Продакт менежментдаги асосий вазифа — ҳар хил соҳаларга таянган ҳолда муаммоларга танқидий ва ижодий ёндашув билан ечим топишдир. Бу соҳада аёлларнинг ўрни жуда катта, деб ҳисоблайман.Йиллаб қилинган тадқиқотлар шуни исботлаганки, аёлларда ижодий ёндашув нисбатан кучлироқ бўлади. Шу сабабли ҳам сўнгги вақтларда АҚШ компаниялари бу йўналишда кўпроқ аёлларни ишга олишга ҳаракат қилади.
Америка ҳаёти менга ўзининг мустақиллиги ва ҳар кимнинг миллати, дини, ирқи ва бошқа сифатларига қарамасдан, тенг имкониятлар бериши билан жуда ёққан.Аввалига бу жамиятга мослашиш қийин бўлган, чунки ўшанда биз барча дўст-у қадрдонларни ташлаб, тили, маданияти бегона бўлган жойга келгандик.
Агар ҳар томонлама ўсишимга ва мамлакат ривожига сабаб бўлувчи таклиф тушса, Тошкентдан туриб ишлашга ҳам рози бўламан
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳам стартаплар дунёси ва технологиялар ривожланиб бормоқда. Демак, тез орада мамлакатда продакт менежерларга талаб ортади.Агар ҳар томонлама ўсишимга ва мамлакат ривожига сабаб бўлувчи таклиф тушса, Тошкентдан туриб ишлашга ҳам рози бўламан.
Кузатувларимга кўра, инновацион ривожланишда ишлайдиган мутахассислар бизда етарлича қадрланмайди. Кўплаб стартаплар ўз компанияларига инвестицияларни ташқаридан излашга ҳаракат қилади.Ўйлашимча, давлат бюджетида Инновацион технологияларга инвестиция киритадиган қисм бўлиши керак. Балки шу йўл билан янги ихтирочилар келиб чиқишини таъминлаш мумкиндир.
Ихтиролар ва фаолият доирасидаги ижобий мусобақалар, энг аввало, кадрларнинг мутахассис сифатида ўсишига, кейин соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатади.Асосий мақсадларимдан бири — етарлича малакага эга бўлиб, Google ёки Facebook компанияларида продакт менежер бўлиб ишлаш. Бу мақсадни 5 йил ичида бажаришим керак бўлган режалар қаторига киритганман.
Статистик маълумотлар шуни исботлайдики, аёллар лидерлик қилган компаниялар бошқаларига қараганда тезроқ ривож топади. Инсонлар қандай жинс вакили эканидан қатъий назар, бир хил имкониятга эга бўлиши, меҳнатига яраша тақдирланиши керак. Шундай йўл тутган миллатгина етукликка интилишга ҳақли.
Изоҳ (0)