Шахсий қарор, ҳис-туйғу ва истаклар йўқлиги, муаммоларни бировнинг ёрдамисиз ҳал қила олмаслик ва бошқа салбий ҳолатлар психологияда «инфантилизм» атамаси билан ифодаланади. Елена Милославская томонидан Experimental Psychic портали учун ёзилган мақолада инфантилизм сабаблари, оқибатлари ва бартараф қилиш усуллари ҳақида маълумот берилган. «Дарё» уни ўзбек тилида тақдим этади.
Инфантилизим нима?
Инфантилизм — болатабиатлик ёки ақлан камол топмаганлик, шахсда психологик ривожланишнинг кечикиши, хатти-ҳаракатлари ёшига мос келмаслиги, масъулиятни ўз зиммасига олиш ва онгли равишда қарор қабул қилишни истамаслигида намоён бўлади.Инфантилизм турлари
Ушбу атама турли соҳаларда турлича талқин қилинади. Психиатрияда бу патологик ривожланишнинг кечикишини, яъни ўсмирнинг хатти-ҳаракатлари ва ҳиссий реакцияси болаларникига мос келишини (ёки катталар ўзини бола ёки ўсмир каби тутишини) англатади. Бундан ташқари, физиологик инфантилизм — физиологик патология, яъни органлар ва тизимлар ривожланишида ортда қолиш ҳолати ҳам бор. Шунга қарамай, атамадан фойдаланишда кўпинча патологиялар билан боғлиқ бўлмаган психологик ёки ижтимоий инфантилизм назарда тутилади. Қуйида гап айнан шу турлари ҳақида кетади.Инфантил хулқ-атворнинг асосий хусусиятлари ва белгилари
Психологияда ёши катта кишиларнинг кундалик ҳаётда болага, аниқроғи ўсмирга хос хусусиятларни намоён қилиши инфантилизм сифатида баҳоланади. Айни вазиятда қаршингизда улғаймаган, инфантил шахс тургани таъкидланади. Шу билан бирга, бунинг психик патологияларга умуман дахли йўқ. Бундан келиб чиқадики, инфантил шахс мутлақо соғлом, лекин унинг фикрлаш тарзи ва хулқ-атвори вояга етган шахсга хос эмас. Айнан нима назарда тутилмоқда?Қуйида инфантилизмнинг энг яққол белгиларини кўриб чиқамиз.
Биринчидан, бу қарор қабул қила олмаслик, қилинган танлов, бажарилган иш ва ҳоказолар учун жавобгарликдан қочиш. Вояга етган шахс ўзининг ҳар бир қарори маълум бир оқибатларга олиб келишини билади — муҳим ёки аҳамиятсиз, яхши ёки ёмон. Болатабиат киши эса жавобгарликни ўз зиммасига олишни мутлақо истамайди.
Бу эса инфантил одамнинг яна бир муҳим хусусияти билан боғлиқ: у муаммоларни қандай ҳал қилишни билмайди. Муаммо туғилса, «катта» одам (ота-она, турмуш ўртоқ, дўстлар) келиб, вазиятни ўнглашини ёки ҳеч бўлмаса қандай ўнглаш кераклигини айтишини кутади. Бу эса шахснинг ўз хатти-ҳаракатлари оқибатини баҳолай олмаслигига олиб келади, чунки бундай баҳолаш тизимини унинг учун одатда бошқалар амалга оширади. Айримлар ҳар қандай қилмишнинг баҳосини «мактаб даражасида» қабул қилади: ҳаммасидан ўқитувчининг танбеҳлари ва кундалик тўлдириш билан қутулиб кетса бўладигандай. Лекин катта ҳаётда ҳаммаси анча жиддийроқ.
Болатабиат киши масъулиятни бошқаларга юклашга мойил бўлади — у деярли ҳар доим бошқаларни айблайди. Бундай одам нафақат ўзи учун, балки бошқалар учун ҳам жавобгарликни ўз зиммасига олмайди. Бундан ташқари, у жуда худбин. Бу бошқалар фикрини, ҳис-туйғуларини ва нуқтаи назарини тушуна олмаслик натижасидир. Шу билан бирга, бу масалада барчаси маълум бир шахс психологиясига бориб қадалади.
Жиддий иш ва ўйин-кулгидан бирини танлашга тўғри келса, инфантил шахслар аксар ҳолларда иккинчисини маъқул кўради (баъзан жуда муҳим вазифа бўлса ҳам). Болатабиат киши кўпинча ўзини бирор ишни бажаришга мажбурлай олмайди ва бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ўйламайди. У бир лаҳзалик истакни деб ўзини ўта масъулиятсиз тутиши мумкин. У, шунингдек, ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам келажаги ҳақида деярли бош қотирмайди.
Бу Маклиннинг «Уч мия» моделидаги лимбик мия ва неокортекс ўртасидаги қарама-қаршиликни ёдга солади. «Вояга етган» катталар лимбик мияни бўйсундириб, неокортексга қулоқ солишни билади. Инфантил эса кўп ҳолларда лимбик тизимга бўйсунади ва унинг импулсларини енгишга ҳатто ҳаракат ҳам қилиб кўрмайди.
Ижтимоий инфантилизм
Ижтимоий инфантилизм ҳам психологик инфантилизмга жуда яқин. У ҳам қаршимизда руҳан соғлом, бироқ масъулиятни ўз зиммасига олишни ва муаммоларни ҳал қилишни истамайдиган киши турганини таъкидлайди. Айни вазиятда у ижтимоийлашув, атроф-муҳит шароити ва ижтимоий қадриятларга мослашиш масаласини кўтаради. Бу, асосан, «катталарга» хос вазифалар билан боғлиқ масъулиятларни зиммасига олмасликдир.Таъкидлаш жоиз, ижтимоий инфантилизм нафақат объектив, балки баҳолаш компонентини ҳам ўз ичига олади. Гап шундаки, жамият қадриятлари ва одатлари бу ерда бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилади. Масалан, қадриятлар авлоддан-авлодга ўзгаради ва бундай ўзгариш натижасида ота-онага ўз фарзанди ижтимоий инфантил бўлиб кўринади.
Мисол учун, ҳозир айрим аёллар оила қуриш ва фарзанд тарбиялашдай анъанавий қадриятда маъно кўрмайди. Жамиятнинг бир қисмида бундай аёллар камида масъулиятни ўз зиммасига олишни истамайдиган гўдак қизлар сифатида гавдаланади. Лекин жамиятнинг бошқа қисми фарзанд кўрмаслик қарорини, фарзандли бўлишдан ҳам кўра масъулиятлироқ иш сифатида баҳолаши мумкин, агар аёл молиявий ёки маънавий жиҳатдан бунга ҳали тайёр эмаслигини тушунса.
Шундай қилиб, агар кекса авлод вакиллари ёшларни ёппасига инфантил сифатида баҳоласа, катта эҳтимол билан, ижтимоий инфантилизмни назарда тутаётган бўлади (бу сўзни ишлатаётган кишиларнинг ўзи унинг маъносини умуман тушунмаслиги ҳам мумкин, лекин бу бошқа мавзу).Психологик ва ижтимоий турлар амалда бир-бирига яқин бўлгани сабабли, уларни биргаликда ўрганиб чиқамиз.
Инфантил ишда ва шахсий ҳаётда ўзини қандай тутади?
Инфантил эркак ва аёл жиддий ташвиш ва муаммолардан холи бўлган, болаликдаги каби енгил ҳаётга интилади. Болатабиат киши ўз соҳасида яхши мутахассис бўлиши мумкин, бироқ кундалик ҳаётда ва муносабатларда ўзини ўсмир каби тутади (бўшанг ёки инжиқ). Шу билан бирга, унинг меҳнат фаолиятида ҳам муаммолар юзага келиб туради. Масалан, айримлари кичик бир тўсиққа дуч келиши биланёқ, ортга чекинади. Улар ўша ондаёқ таслим бўлади, лойиҳани бошқа ходимларга топшириб юборади, уддалай олмаслигидан қўрқиб, истиқболли лавозимлар ва вазифаларни бажаришдан бош тортади. Бошқалари эса ўта масъулиятсиз, уларга ишониб бўлмайди, чунки улар ишдан зерикиб қолгани ёки бошқа нимадир билан шуғуллангиси келиб қолгани туфайли масъулиятни ўз зиммасидан соқит қилишни нормал ҳисоблайди. Буларнинг барчаси, албатта, иш фаолиятини қийинлаштиради.Инфантилизм жинс танламайди: у эркакларда ҳам, аёлларда ҳам тез-тез учраб туради. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу ҳодиса янгилик эмас, болатабиат кишилар ҳар доим бўлган.
Оилавий ҳаётга келсак, бу тоифа кишилар қалин муносабат ўрната олиши мумкин. Лекин улар ўзига турмуш ўртоқ эмас, балки ота-онасининг ўрнини босиб, улар учун барча муаммоларни ҳал қилиб берадиган одамни излайди. Агар уларнинг турмуш ўртоғи талабга жавоб берса, унда ҳамкорлик анча узоқ давом этиши мумкин. Болатабиат кишилар ўзи ва бошқалар учун мустақил қарор қабул қилишга ўрганган ва ҳамма нарса ўзи истаганидек бўлишини афзал кўрадиган кишиларга мос келади. Инфантил шахслар ҳам фарзанд кўради. Кўпинча бу икки «турдаги» бола бирга вақт ўтказишни, ўйнашни ва ҳоказоларни ёқтиради. Лекин барибир ўғил ёки қиз учун «вояга етган» катта одам намунаси анча фойдалироқ.
Баъзи кишилар фикрига қарамай, компьютер ўйинлари, илмий фантастика, фильмлар, китоблар, комикслар, ўйинчоқлар йиғиш ва ҳоказоларга бўлган иштиёқ катталардаги инфантилизм белгиси эмас. Шунингдек, характердаги шахсий хусусиятлар ёки никоҳ, фарзанд, иш каби муайян ҳаётий масалаларга муносабатда жамоатчиликдан фарқ қилиш ҳам инфантилизмдан дарак бермайди (бу алоҳида мавзу). Таъкидлаб ўтамиз: инфантиллик юқорида саналган кўплаб хусусиятларни комплекс равишда намойиш қилишдир.
Инфантилизмнинг келиб чиқиш сабаблари
Маълумки, шахсиятга хос кўплаб хусусиятлар болаликда шаклланади. Ижтимоий ва психологик инфантилизм ҳам бундан мустасно эмас. Боз устига, бу аксар ҳолларда айнан ота-онанинг тарбия жараёнида хатоларга йўл қўйиши билан боғлиқ. Энг кўп учрайдиган сабаб — ғамхўрликни ҳаддан ошириб юбориш, доимо боланинг кўнглига қараш истаги, уни барча муаммо ва ташвишлардан ҳимоя қилиш, у ҳатто сўрамаса ҳам, ёрдам беришга ошиқиш.Доимий айбдорлик ҳисси — ота-онанинг хатоси туфайли пайдо бўладиган яна бир нохуш ҳолат.
Боланинг фикр ва ҳис-туйғуларига умуман эътибор бермаслик, у учун барча қарорларни қабул қилиш (қандай кийиниш, нимани ўйнаш ва нима қилиш кераклиги), қиз ёки ўғил орқали ўзи эришолмаган орзуларни амалга оширишга уриниш боланинг келажагига салбий таъсир қилади.
Бола шахсий ривожланишда эмас, балки паспортда улғайишининг бошқа сабаблари ҳам бор. Лекин тарбия жуда катта мавзу бўлиб, уни алоҳида кўриб чиқиш лозим. Энг асосийси: ота-оналар боланинг қарорларини, орзуларини, интилишларини, истакларини, амбицияларини, ҳис-кечинмаларини, ниятларини мунтазам равишда ва аёвсиз «каллаклаб» туриши натижасида у охир-оқибат фикрлаш ва қарор қабул қилишни бутунлай тўхтатади.
Ҳамма нарса онаси ёки отаси айтганидай бўлса, ўзини қийнашдан нима фойда? Шу сабабли ривожланаётган шахсда шаклланиш ва камолга етиш жараёни бузилади ва натижада у гўдаклигича қолиб кетади.
Вояга етгач, бундай одам ўзи одатланган қулайликни сақлаб қолиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилади — яъни ҳеч нимани мустақил ҳал қилмаслик, қийинчиликлардан қочиш, бошқалар кўмагига қарамлик. Бунинг ҳам ўзига яраша афзалликлари бор. Лекин салбий томонлари-чи? Салбий томонлари анчагина кўп болиши мумкин.
Инфантил бўлишнинг нимаси ёмон?
Баъзи болатабиат кишилар учун асосий муаммолардан бири шундаки, улар чинакамига бахтли бўлолмайди. Улар ҳаётдан аслида нимани истаётганини билмайди, чунки шу вақтгача унинг учун бошқалар қарор қабул қилган. Агар кимнингдир омади чопиб, ўз ишини чиндан ҳам ёқтирса, яхши. Лекин кўпчилик бу борада омадсиз, йиллар давомида ўзи ёқтирмайдиган ишни қилишга мажбур бўлади, чунки иш жойини ёки касбини ўзгартиришга журъати етмайди.Оилавий ҳаётда ҳам шу ҳолат кузатилади — турмуш ўртоғи бўлишига қарамай, болатабиат киши ўзини жуда ёлғиз ҳис қилиши мумкин. Сабаблари: ўзига турмуш ўртоқ эмас, балки ҳамма нарсани ўзи истаганча бажарувчи ота-онасининг ўрнини босадиган одам билан яшайди. Иккинчидан, инфантил у билан ўз қарорига кўра яшаётгани ҳам даргумон: унинг учун бошқалар қарор қилган.
Улғаймаган шахс бошқаларга, уларинг фикрига ва ҳаракатларига қарам бўлади. Ўз майлини бировга топшириш орқали ночор аҳволга тушиб қолиш хавфи туғилади. Албатта, камол топган кишилар ҳам яқин муносабатларга муҳтож, лекин бу қарам бўлиш дегани эмас.
Ҳикоямиз қаҳрамонлари ички муаммо ва қўрқувлардан қочишга уринади, чунки айнан шу вазиятда бошқалар улар учун қарор қабул қилолмайди. Лекин бу каби муаммо ва қўрқувлар ҳеч қаерга йўқолмайди, балки кучаяди.
Бундан ташқари, ноетук шахсларнинг кўпчилиги лақма, бошқалар таъсири ва манипуляциясига осонгина эргашади. Кўпчилик рекламаларга, қанчалик шубҳали кўринмасин, ишониб, кераксиз нарсаларни сотиб олади. Баъзилар фирибгарлик, молиявий пирамида ва ҳоказолар қурбонига айланади. Бу кўплаб болатабиат кишиларнинг заҳмат чекмай, қандайдир мўъжизавий йўллар билан даромад топишга интилиши натижасида юз беради. Бу мўъжизага ишонишнинг болаларга хос бўлмаган, ғайритабиий шаклидай намоён бўлади.
Инфантилизмдан қутулиш мумкинми?
Инфантилизмдан қутулиш мумкин. Бундай дунёқарашни енгиш учун инсон ўз ҳаёти фақат ўзига боғлиқлигини, уни фақат ўзи ўзгартира олиши мумкинлигини, ўз фикри, қарорлари, ҳиссиётлари ва истакларига эга бўлиш, уларни ҳаётга татбиқ қилишга ҳақли эканини англаши керак. Бир қарашда осондай, чунки бу хислатлар назарий жиҳатдан бизда туғма ҳисобланади. Лекин амалда онгли ёшдаги одам ҳеч қачон ўзига қулоқ тутмаган ва мустақил равишда қарорлар қабул қилмаган бўлса, уни қайта созлаш қийин бўлиши мумкин. Шу боис ҳамма ҳам психолог ёрдамисиз инфантилизмни енга олмайди.Инсоннинг ўзи ўзгаришни исташи муҳим. Аксар болатабиат кишилар ўзининг фикрлаш тарзи ва хатти-ҳаракатидаги хусусиятларни пайқамайди. Юқорида саналганларнинг барчаси улардаги онг остида ётади. Онам, дадам ёки турмуш ўртоғим келиб, муаммони ҳал қилиб беради, деб ўйламайди. Мустақил қарор қабул қила олмаслигини ўзи фаҳмламайди. Улар якуний қарорга келишдан аввал маслаҳатлашиб олиши кераклиги ҳақида ўйлайди (ва бошқаларга шундай дейди). Бу тоифадаги кишилар барча қарорларни ўзи қабул қилаётганига ишонади ва ғурурланади.
Бундан ташқари, кимнингдир доимий ғамхўрлиги остида яшаш анча қулай бўлиб, шу вақтгача «ота-она ва бола» моделига амал қилган бўлса, бундан қулайликдан воз кечиш осон эмас. Лекин инсон ўзини ёлғиз, бахтсиз ҳис қилса, қандайдир муаммо ёки қўрқувни бошдан кечирса, дунёқарашидаги ёки ҳаётидаги ниманидир ўзгартиришни истаб қолиши мумкин. Шунинг ўзи болатабиат киши қўйган катта қадам ҳисобланади.
Яқин кишингиз инфантил бўлса, нима қилиш керак?
«Дўст ёмон кунда синалади» — бу мақолда инфантилни ажратиб олишнинг энг оддий усули кўрсатилган. Ишингиз ўнгидан келиб, муаммоларсиз яшаётган вақтингизда ноетук шахсият ўзини умуман ошкор қилмаслиги мумкин. Лекин баъзи муаммоларни ҳал қилиш керак бўлганда дўстингиз ёки ҳамкасбингизнинг болаларча хатти-ҳаракати ва фикрлаш тарзи сезилиб қолади.Яқин кишингизга инфантилизмдан халос бўлишда кўмаклаша оласизми? Ҳа, кўмаклаша оласиз. Лекин ота-она вазифасини ўз зиммангизга олиб, у ёрдамингизга муҳтож ёки йўқлиги ҳақида ўзингизча қарор чиқармаслигингиз керак. Сизга кимдир нотўғри яшаётгандай туйилса-да, аслида бундай ҳаёт тарзи унга ёқаётган бўлиши мумкин. Боз устига, сиз инфантилнинг ўрнига қарор чиқарсангиз, унда сиз ҳам «ота-она ва бола» модели доирасида ҳаракат қилаётган бўласиз.
Қайсидир йўл билан унга ёрдам беришни истасангиз, бу ишни тартиб билан бажаринг. Кичик нарсадан бошланг. Масалан, ундан нимани хоҳлаши ҳақида кўпроқ сўрашга ҳаракат қилинг. Бошланишига, дам олиш кунини қандай ўтказиш, нима пишириш ва ҳоказолар танловини унга қолдиринг, сўнгра муҳимроқ масалаларга ўтинг. У ўзини қандай ҳис қилаётгани ва нимани истаётгани ҳақида тез-тез сўраб туринг.
Лекин унинг ҳислари ва истаклари борасида ҳукм чиқариб, нотўғри эканини айтманг — сиздан бошқалар ҳам инфантилга бундай гапларни кўп айтган. Яқин кишингиз ўз қарорига, ҳиссиётларига ва истакларига эга бўлишга чиндан ҳам ҳақли эканини англаши керак. Бироқ ўз муаммоларини ҳам ўзи ҳал қилишига қўйиб беринг — ёнида бўлиб, кўмаклашинг, аммо ҳеч нарсани унинг учун қилиб берманг.
Яқин кишингиз болаликда қандай касбни эгаллашни орзу қилгани ҳақида сўранг ва иложи бўлса, айни дамда сиз билан биргаликда ўша орзу томон илк қадамларни қўйишни таклиф қилинг. Балки, унинг нисбатан «янгироқ», амалга ошириш унча қийин бўлмаган орзулари ҳам бордир? Мисол учун, у рассомчилик ёки ошпазлик билан шуғулланишни, Шекспирни аслиятда ўқишни иста(ёт)гандир. У билан махсус курсларга аъзо бўлинг. Қўллаб-қувватлашингиз жуда зарур.
Асосий қоидани ёдда тутинг — дўстингиз учун ҳеч нарсани бажарманг, унинг ўрнига қарор қабул қилманг. Буни ўзи бажарсин, сиз эса шунчаки ёнида бўлиб, керак бўлганда қўллаб-қувватланг.
Айрим болатабиат кишилар бирдан улғаяди, турфа хил жиддий муаммолар болаларча дунёқарашга чек қўяди. Лекин сиз бошқаларни стресс билан «даволай» кўрманг (интернетда шунга ўхшаш тавсияларни учратиш мумкин). Унутманг, бундай ҳолатларда кимдир ўсади, кимдир эса синади — неврозга чалинади, депрессияга тушади ва ҳоказо.
Хулоса ўрнида: катталар болаликнинг бир қисмини ўзида сақлаб қолиши, албатта, керак — майда нарсалардан мамнуният ҳиссини, орзу қилиш, мўъжизага ишониш ва бошқа туйғуларни. Лекин зарур вақтда вояга етган шахс сифатида тизгинни қўлга олиш жуда муҳим. Болалик қанчалик гўзал бўлмасин, ўрнини катта ҳаётга бўшатиб бериши керак, у ҳам ўзига яраша афзалликларга эга.
Изоҳ (0)