Фарғонада ўқувчи қиз ўқитувчидан танбеҳ эшитгач, синф деразасидан сакраб, дарсдан кетиб қолгани тўғрисида хабар берилганди. Вилоят ИИБ ҳолатга муносабат билдириб, ҳозирда текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур ҳолат 23 май куни Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги 22-мактабда содир бўлган. Мактабнинг 8-синф ўқувчиси А.А. дарс пайтида калитни уйига ташлаб келиш учун рухсат сўраган. Унга ўқитувчи дарс тугашига оз вақт қолганини айтиб, рухсат бермагани сабабли ўзаро келишмовчилик келиб чиққан ва А.А синфхонанинг дераза ойнасидан чиқиб, қочиб кетган.
Дарс машғулоти 1-қаватда ўтказилаётган бўлган. Ўқувчи А.А мактаб деразасидан чиқиб кетиш пайтида ҳеч қандай тан жароҳати олмаган.
Ҳолат юзасидан Қўштепа туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Андижонда ўқитувчисини ҳақорат қилган ўқувчи калтаклангани, Бухорода мактаб директори ўқувчи қизни калтаклагани, Сирдарёда ўқитувчи ва мактаб директори ўринбосарини калтаклаган шахсларга 3 сутка қамоқ жазоси тайинлангани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)