Ўзбекистонда кун тартибидаги энг муҳим масала – давлат ҳокимиятининг аҳоли олдида жавобгарлиги ва унинг шаффофлигини таъминлашдир. Бу ҳақда бугун, 24 май куни бўлиб ўтаётган «Инсон қадри» онлайн платформаси ва «2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» тўплами тақдимотида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Содиқ Сафоевнинг таъкидлашича, сенаторлар ва депутатлар ижро органларининг белгиланган дастурларни амалга оширишини қатъий назоратга олиши зарур.
«Кун тартибида турган энг муҳим масала — давлат ҳокимиятининг аҳоли олдида жавобгарлиги ва унинг шаффофлигини таъминлаш. Бу ўта муҳим ва давлат хавфсизлиги билан боғлиқ масала. Чунки ҳукумат ўртасидаги ишонч ижтимоий ишончни шакллантириш омилидир. Бунинг ечими халқ вакиллари — барча даражадаги депутатлар, сенаторлар маҳаллий кенгаш депутатлари билан боғлиқ. Айнан улар парламент усулларини самарали ҳолда депутатлик сўрови, эшитув орқали ижро органларини белгиланган дастурларни амалга оширишни қатъий назоратга олмоқлари лозим», — деди Сенат расмийси.
Содиқ Сафоевнинг қўшимча қилишича, «Тараққиёт стратегияси»да ҳокимиятлар фуқаролар ва бизнесга хизмат қилиш маркази бўлиши кераклиги кўрсатилган.
«Тараққиёт стратегияси»га биноан, бугунги кунда давлат маъмурий тизими илгариги даврлардан фарқли ўлароқ, нафақат бошқариш, балки фуқаролар ва бизнесга хизмат қилиш маркази сифатида кўрилган. Ҳокимиятлар қай даражада ушбу талабга жавоб бермоқда? Бу саволни биринчи навбатда халқ вакиллари бермоғи лозим», — деди Сенат раиси ўринбосари.
Изоҳ (0)