Нью-Йоркда болалар овқати (сутли аралашмаси) етишмаслиги туфайли, фавқулодда ҳолат режими жорий этилди, деб ёзади «РБК». Тегишли фармон шаҳар мери Эрик Адамс томонидан имзоланди.
«Ушбу ҳужжат Нью-Йорк шаҳар истеъмолчилари ва ишчиларини ҳимоя қилиш департаментига… сутли аралашмалар нархи оширилиши олдини олиш ваколатини беради», — дейилади фармонда.
Америка ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб йирик чакана савдогарларнинг 40 фоиздан ортиғида сутли аралашмалар захиралари танқислиги кузатилмоқда. Танқислик Аbbott компанияси ишлаб чиқариш линияси фаолияти тўхтатилиши натижасида юзага келган. Бу АҚШдаги энг йирик болалар овқатлари етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади.
Компания маҳсулотларида касаллик қўзғатувчи бактериялар аниқланган, улар икки боланинг ўлимига сабаб бўлган. Компания юзага келган вазиятдан чиқиш йўлларини қидираётганини маълум қилди.
АҚШ президенти Жо Байден кам таъминланган аёлларга керакли болалар овқатини олишни осонлаштирувчи қонунни имзолади.
Танқислик туфайли Nestle компанияси АҚШга Швейцария ва Нидерландиядан гипоаллерген болалар аралашмаларини етказиб бермоқда.
16 май куни Аbbott компаниянинг Мичигандаги заводи икки ҳафта ичида ўз ишини тиклаши эҳтимолини айтганди.
Изоҳ (0)