Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Хитойни Марказий Осиё давлатлари билан боғловчи Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилиши куз фаслида бошланиши режалаштирилган. Бу ҳақда 20 май кунги Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, қўшни давлат Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан темир йўл транспортини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари тасдиқланган. Бу ҳақда сўз юритган бош вазир Акилбек Жапаров қурилиши кўзда тутилган халқаро темир йўл режаси ҳақида маълумот берган.

«Кузда мустақиллигимиз тарихидаги энг йирик лойиҳа — Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон йўналиши бўйича темир йўл қурилишини ишга тушириш режалаштирилган. Бу лойиҳани қўллаб-қувватлаш зарур», — деган Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.

Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли

2017 йилнинг май ойида Хитой пойтахти Пекинда бўлиб ўтган олий даражадаги форумда Шавкат Мирзиёев Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилишини бошлаш масалаларини муҳокама қилган. 2018 йилнинг майида эса Фарғонада Ўзбекистон—Қирғизистон парламентлараро комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтган ва унда ушбу темир йўл линияси қурилишининг иқтисодиёт ривожига таъсири каби масалалар кўриб чиқилган. Кейинчалик лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси (ТИА) тайёрлангани, Россия бу учун 3 миллион доллар ажратгани маълум бўлган. Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши Шарқий Осиёдан яқин Шарқ ва Жанубий Европага борадиган йўлни 900 километрга қисқартиради, вақт 7-8 кунга камаяди. Йўл қурилиши Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни таъминлайди ва уларга Форс кўрфази ва Тинч океанининг портларига қулай кириш имконини беради.

2020 йилнинг май ойида уч томон вакиллари ўртасида видеоконференция ўтказилган. Мулоқотда темир йўл қурилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келгуси амалий чоралар муҳокама қилинган. Унда айтилишича, ушбу лойиҳа деярли 20 йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Томонлар баланд тоғлар, бориш қийин бўлган ҳудудлар орқали ўтадиган ушбу темир йўлнинг эни, маршрутлари бўйича ягона тўхтамга келолмаяпти.

2021 йилнинг март ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров амалий ташриф билан Ўзбекистонга келган. Музокаралар давомида Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой темир йўли қурилиши муҳокама қилинган. «Биз ушбу йўналишларни илгари суриш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш тўғрисида аҳдлашиб олдик», — деган Шавкат Мирзиёев.

2021- йилнинг апрелида Мирзиёев Хитой раҳбари Си Сзинпин билан телефон орқали мулоқот қилган. Унда лойиҳани илгари суриш ишлари давом этаётгани қайд этилган.

Ўзбекистон раҳбари 2021 йилнинг 6 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида ҳам Садир Жапаров билан музокара ўтказган. Мирзиёев Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой темир йўли стратегик аҳамиятга эга экани, уни қуриш бўйича музокараларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлаган.

2021 йилнинг ноябрида ўтказилган Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари ўртасидаги учрашувда ҳам шу лойиҳа юзасидан фикр алмашилган.

Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг март ойида биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг очилиш маросимидаги нутқида ҳам ушбу йўл қурилишига тўхталиб ўтган. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой темир йўли орқали Осиё—Тинч океани минтақасига етказиш учун имкониятлар яратиш бўйича ҳам амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда», — деган давлат раҳбари.

31 март куни Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Сзян Ян хоним билан учрашди. Мулоқотда «темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ушбу йўналиш бўйлаб мултимодал транспорт коридорини ривожлантиришни давом эттириш муҳимлиги» қайд этилган.

Ва ниҳоят, апрель ойида Қирғизистон бош вазири Акилбек Жапаров томонлар лойиҳа бўйича келишувга эришганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мамлакатларни Жанубий Осиё минтақаси билан боғлайдиган Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича деярли барча масалалар келишиб олинган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистонда Италиянинг аграр соҳага оид университетлари филиаллари очилади
Дунё
Россияда “Сарой тўнтаришлари”нинг бошланиши, парвоз вақтида портлаб кетган “Челленжер” ва генерал Власовнинг хоинлиги. Кун хронологиясида 28 январь
Маҳаллий
Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари икки давлатга ID карта орқали ўтиши мумкин бўлади