Россия томонидан Украинада ҳарбий операциялар бошланганидан кейин эгаси билан Францияга кўчиб ўтган харковлик Степан лақабли мушук инфлюенсерлар ва блогерларнинг World Influencers аnd Bloggers Awards халқаро мукофотини қўлга киритди. Бу ҳақда мушукнинг эгаси Instagram’даги саҳифаси орқали маълум қилди, деб хабар беради «Правиламаг».
Степан мукофотга «Ҳайвон билан энг яхши аккаунт» йўналишида лойиқ кўрилган. Мушук эгаси уй ҳайвонини Каннга олиб келган — у қизил йўлак орқали ҳаракатланиб, машҳур тиктокер Хаби Лейм билан суратга тушган.
World Influencers аnd Bloggers Awards — блогерларни тақдирлашга мўлжалланган дунёдаги биринчи маросим. У 2019 йилдан буён Канн кинофестивалининг очилиш вақтида Martinez меҳмонхонасида ўтказиб келинади.
Ҳарбий операция бошланганидан сўнг Степан Украинадаги ҳайвонларга ёрдам кўрсатиш учун 10 минг доллар тўплаганди. World Influencers аnd Bloggers Awards маросимида ҳам украиналикларга ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрия маблағлари тўпланган.
Степан лақабли мушук 2021 йилда TikTok юлдузига айланган эди. Унинг бир бокал ичимлик қаршисида ўйга толган ҳолда ўтирган ҳолати, юзида ифодаланган бутун коинотнинг ғам-ташвишлари сурати машҳурликка эришганди.
Изоҳ (0)