Баъзан омадли чиққан мультфильмнинг муваффақиятини такрорлаш учун унинг давоми ишланади. Аммо ҳар доим ҳам қуйидаги картиналар каби 2-қисм оригинали каби томошабинлар эътирофига сазовор бўлмаслиги мумкин.
«Чангалзор китоби-2»
Севимли анимацион фильми «Чангалзор китоби» 1967 йилда Disney томонидан ишланган. Экранга чиққандан сўнг мультфильм ажойиб ҳазиллари ва чуқур маънога эга қўшиқлари учун ижобий шарҳларга эга бўлди.
1990 йилларда ёзувчилар «Чангалзор китоби»нинг давомини тақдим этишди, унга кўра Балу урғочи айиқни севиб қолади ва уни браконьерлардан қутқаришга ҳаракат қилади. 2003 йилда 2-қисм бутунлай бошқача сюжет билан экранларга чиқди. Гарчи мультфильм уни яратишга сарфланганидан деярли 7 баравар кўп даромад олган бўлса-да, танқидчилар яхши баҳоламади. Улар янги картина фақат 1-қисмнинг машҳурлик тўлқинида пул ишлаш учун яратилганлигини ва мультфильмда сюжет ва мусиқа жиҳатидан янги нарса йўқлигини ёзишди.
«Мулан-2»
Фа Мулан исмли жасур қиз ҳақидаги мультфильмнинг 2-қисми аввалгисидан 6 йил ўтгач, 2004 йилда ишланган. Танқидчилар ижобий баҳо олган оригинал картина ҳақида «динамик сюжет ва бой анимацияга эга таъсирли фильм» деб аташган бўлса, Муланнинг давоми шармандалик деб аталди. «Тўлиқ шармандалик, бу ўзидан олдинги мультфильмнинг энг яхши нарсаларини олиб, уни майда-чуйда қилиб беришдек гап». Rotten Tomatoes’нинг томоша қилиш агрегатори фильмга 0 фоиз баҳо берган.
«Бемби-2»
1942 йилда Уолт Disney томонидан яратилган «Бемби» драматик анимацион фильми экранларга чиқди. Қизиғи шундаки, бу мультфильм дастлаб муваффақиятсизликка учради, лекин такрорий намойишлар билан у машҳурликка эриша бошлади. Бугунги кунда «Бемби» энг зўр мультфильмлардан бири ҳисобланади.
64 йилдан сўнг эса унинг давоми чиқди, бу эса турли шарҳларга сабаб бўлди. Баъзилар мультфильмда башорат қилиш, оддийликнинг кўплигини таъкидладилар.
«Оппоғой-2: Ва улар бахтли яшашди»
«Оппоғой ва етти гном» Диснейнинг 1937 йилда чиққан биринчи анимацион фильми. Картина омадли чиқди ва ҳанузгача тарихдаги энг юқори даромад келтирувчи мультфильм бўлиб қолмоқда: картина унга сарфлаганидан 280 баравар кўп даромад келтирди. Кўпгина шарҳловчилар «Оппоғой»ни болалар ва катталар учун тавсия этилган ҳақиқий санъат асари деб аташган.
1989 йилда «Оппоғой-2: Ва улар бахтли яшашди» деб номланган мультфильмнинг давоми катта экранларга чиқди. Сюжетга кўра, бош қаҳрамон ва шаҳзода турмуш қурмоқчи, аммо марҳум ёвуз маликанинг қасоскор укаси қиёфасида янги таҳдид пайдо бўлади.
«Оппоғой-2» йилнинг энг катта хитларидан бири бўлиши кутилган эди, аммо кенг кўламли реклама кампаниясига қарамай, мультфильм омадсизликка учради. Танқидчилар эса у ҳақда «асабий анимация», «ёмон чизилган қўпол қаҳрамонлар», «заиф анимация, ҳатто беўхшов ҳазиллар», «қўшиқлари бир зумда унутилади» деб баҳолашди.
«Соҳибжамол ва махлуқ: Ажойиб Рождество»
1991 йилда Уолт Дисней студияси «Соҳибжамол ва махлуқ» мусиқий фантастик фильмини чиқарди. У ўзининг романтик ҳикоялари, анимацияси (айниқса, бал саҳнаси), персонажлар ва мусиқаси эътирофларга сазовор бўлди. Фильм энг яхши мусиқий ёки комедия учун «Олтин глобус» мукофотини қўлга киритди ва бу мукофотни қўлга киритган биринчи анимацион фильм бўлди.
Муваффақиятни такрорлашга қарор қилган студия 6 йилдан сўнг мультфильмнинг давоми — «Соҳибжамол ва махлуқ: Ажойиб Рождество»ни чиқарди. 1-қисм Rotten Tomatoes сайтида 94 фоиз олган бўлса, 2-қисмнинг рейтинги 13 фоиз эди. Танқидчилар таъкидлаганидек, «Соҳибжамол ва махлуқ» фильмининг ёнида «Ажойиб Рождество» марварид ёнидаги кўмир парчасига ўхшайди.
«Золушка: Орзулар амалга ошади»
1950 йилда Диснейнинг 12-метражли анимацион фильми «Золушка» экранларга чиқди. Машҳур режиссёр, «Касабланка» (1942) ижодкори Майкл Кертис Уолт Диснейга ёзган мактубида «Золушка»ни «барча мультфильмларингизнинг дурдонаси» деб атаган. Мультфильм, шунингдек, ҳикоянинг оҳиста тасвирлангани, қўрқинчли ёвуз қаҳрамонлар йўқлиги ва «тўсатдан, ширали ҳазил туйғулари» борлиги билан ҳам олқишланди.
2000 йилларнинг бошида студия «Золушка» картинасининг давомини чиқарди. Гарчи давоми унинг яратилишига сарфланганидан кўпроқ даромад олган бўлса-да, танқидчиларнинг шарҳлари асосан салбий эди. Улар 2-қисм «Золушка» оригиналининг қолдиқларига ўхшайди, деган фикрга келишди. Ҳозирда у Rotten Tomatoes бўйича 11 фоиз рейтингга эга.
«Покахонтас-2»
1998 йилда 1995 йилда суратга олинган «Покахонтас» фильмининг давоми, худди шу номдаги ҳинд маликасининг таржимаи ҳолига асосланган ҳикояси чиқди. Қизиғи шундаки, мультфильм кинотеатрларда ёки телевизорда кўрсатилмасдан олдин дарҳол видеокассета ва DVD’ларда чиқарилди.
1-қисм 2 та «Оскар» ва бошқа мукофотларга сазовор бўлди, ижодкорларга сарфланганидан 6 баравар кўпроқ пул келтирди ва картина «замонавий Disney анимацион фильмларининг энг пухта ўйланган ва энг чиройлиси» деб номланди.
2-қисм эса паст баҳоларга сазовор бўлди, танқидчилар давомий сюжетни катталар учун «сийқаси чиққан», болаларга эса шунчаки ёқиши мумкин деб баҳо беришди.
Мавзуга доир:
- Асл моҳиятини фақат катталар тушуна оладиган мультфильмлар (фото)
- Болалар учун ишланган машҳур мультфильмлардаги фақат катталар тушунадиган кадрлар (фото)
- «Дайди тўтининг қайтиши»дан «Винни Пух»гача: Совет мультфильмларининг сиз эътибор бермаган яширин маънолари
- Намойишидан 20 йил ўтиб ҳам томошабинларнинг севимли мультфильми бўлиб қолаётган «Музлик даври» картинаси ҳақида қизиқарли маълумотлар
Изоҳ (0)