Тошкент шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс 35 минг доллар пора олган вақтида ушланди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» информацион дастурида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Юнусобод тумандаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишловчи мансабдор шахс фирибгарлик йўли билан маҳаллий тадбиркордан 35 минг доллар олган вақтида ушланган. У тадбиркорда енгил типдаги савдо дўкони ўрнатиш учун маҳалла ҳудудидан 50 метр квадрат ер ажратилиши бўйича тавсия беришни ва ер майдони ҳужжатларини унинг номида расмийлаштиришни ваъда қилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жинояти иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган 4 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган ҳоким ёрдамчиси ушланган эди.
Изоҳ (0)