«Ливерпуль» Чемпионлар Лигаси ярим финалида «Вильярреал» устидан ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди.
Мерсисайдликлар 2015 йилдан буён жамоани бошқариб келаётган Юрген Клопп билан биргаликда учинчи марта нуфузли мусобақа финалига чиқди. «Ливерпуль» 2018 ва 2019 йилларда Чемпионлар Лигаси финалига чиқиб, бирида «Реал»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлган, яна бирида «Тоттенҳэм» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
«Ливерпуль» ўз тарихида 10-бор Европа Чемпионлар Кубоги/Чемпионлар Лигаси мусобақаси финалига чиқди. Аввалги тўққизта финалнинг олтитасида «қизиллар» зафар қучган.
Еврокубоклар финалига чиқиш бўйича «Реал» етакчи ҳисобланади. Мадридликлар 16 марта финалда иштирок этган. Ундан кейинги ўринларда «Милан» ва «Бавария» бормоқда. Ҳар иккала жамоа ҳам 11 мартадан финалда қатнашган.
Мерсисайдликлар Англия тарихида бир мавсумда Европа Чемпионлар Лигаси, Англия Кубоги ва Англия Лига Кубоги финалига чиққан илк жамоага айланди.
«Қизиллар» Англия Лига Кубоги финалида «Челси»ни мағлуб этиб, совринни қўлга киритган. 14 май куни эса Англия Кубоги финалида яна «Челси» билан баҳс олиб боради.
Изоҳ (0)