Ўзбекистонда “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиннгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу қонун 2026 йил 7 августдан кучга киради.

Қонунга кўра, Ўзбекистон ҳудудида жисмоний ёки юридик шахслар томонидан сақланадиган ва (ёки) кўпайтириладиган ҳайвонлар — белгиланган тартибда идентификация қилиниши ҳамда рўйхатга олиниши керак:
- қорамол, қўй, эчки ва туялар – туғилганидан 14 кундан кейин;
- отлар – туғилганидан 4 ойдан кейин;
- чўчқалар туғилганидан – 1 ойдан кейин;
- итлар ва мушуклар – туғилганидан 3 ойдан кейин.
Ҳайвонларни идентификация қилиш — ҳайвонлар тўғрисидаги тегишли маълумотларни (ёши, жинси, ранги, зоти ва бошқа зарур кўрсаткичларни) аниқлаш учун ҳайвонларга иденфикация рақами, яъни бир марта бериладиган ҳамда бошқа ҳайвонларда такрорланмайдиган ҳарфли ва рақамли рамзларга эга ноёб код ўрнатиш.
Ҳайвонларга қулоқ учун бирка (йирик ва майда шохли қорамол, туя ва чўчқаларда), тавро ёки клейма (от ва эшаклар), жетонларда (кучук ва мушуклар) акс эттирилувчи индивидуал рақам берилади.
Ҳайвонларни кузатиш деганда уларнинг бутун яшаш даври давомида келиб чиқиш жойи, туғилиши ва кўчиб юриши (миграцияси) ҳақидаги, шунингдек ҳайвонларда учрайдиган касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш тўғрисидаги маълумотларни тўплаш тушунилади.
Сақлаш ва (ёки) кўпайтириш мақсадида Ўзбекистонга олиб кириладиган ҳайвонлар олиб кирилган санадан эътиборан 21 кундан кечиктирмай идентификация қилиниши лозим. Ўзбекистонда сақланадиган ёки кўпайтириладиган ҳайвонлар сўйилган (нобуд бўлган, ўлган, йўқ қилинган) ёки Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилган тақдирда 7 кунлик муддатда ҳисобдан чиқарилади.
Электрон ахборот тизими — маълумотлар базасида идентификация қилинган ҳайвонлар рўйхати, уларни рўйхатга олиш, ҳисобдан чиқариш ва бошқа ҳаракатлар тўғрисидаги ахборотлар сақланади.
Унда ҳайвоннинг эгаси тўғрисидаги маълумотлар ҳам сақланади.
- Ҳайвон эгаси жисмоний шахс бўлса — фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, шахсий идентификация рақами, жисмоний шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойи ва телефон рақами кўрсатилади.
- Ҳайвоннинг эгаси юридик шахс бўлса — юридик шахснинг тўлиқ номи, давлат рўйхатидан ўтган санаси, манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами ҳамда ушбу юридик шахс раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми ва телефон рақами киритилади.
Ҳайвон эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Улар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- электрон ахборот хизматидан ўзига тегишли бўлган ҳайвонлар тўғрисида ахборот олиш;
- ўзига тегишли бўлган ҳайвонларни идентификация қилишни ва рўйхатдан ўтказишни ваколатли давлат органи вакилидан талаб қилиш;
- ваколатли давлат органи вакилининг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш;
- идентификация қилинган ҳайвонларда ўтказилган ташхис қўйишга доир текширишлар ва даволаш натижалари ҳақида ахборот олиш;
- давлат ветеринария хизматидан мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазият ва профилактика тадбирлари тўғрисида бепул ахборот олиш.
Ҳайвоннинг эгаси:
- ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;
- ўзига тегишли ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш, шунингдек, ҳайвоннинг эгаси алмашган тақдирда қайта рўйхатга олиш учун ваколатли давлат органига белгиланган муддатларда электрон тарзда ёки тўғридан-тўғри мурожаат қилиши;
- идентификация қилинмаган ва рўйхатга олинмаган ҳайвонларнинг сақланишига йўл қўймаслиги шарт.
Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишга қаратилган тадбирлар ҳайвон эгаларининг ўз маблағлари, ҳомийлик хайриялари, давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Изоҳ (0)