Тошкент шаҳрида 20 апрель куни текширувлар давомида икки нафар ҳайдовчи пневматик қурол сақлаб юргани аниқланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, шу куни соат 00:10 ларда Чилонзор туманида жойлашган «Эркин» ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Ш.Ҳикматов томонидан Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келаётган ҳайдовчи С.Б. (1997 йилда туғилган) бошқарувидаги Damas автомобили тўхтатилиб, холис ва гувоҳлар иштирокида текширилган. Натижада автомобиль салонидан тегишли ҳужжатлари бўлмаган пневматик қурол топилган.
Бундан ташқари, 20 апрель куни соат 11:00 ларда Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Тузел» блок-постида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари И.Раҳимов ва С.Исроиловлар томонидан Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келаётган, ҳайдовчи Т.Н. (1985 йилда туғилган) бошқарувидаги Malibu автомобиль тўхтатилиб, холис ва гувоҳлар иштирокида текширилган. Шунда автомобиль салонидан тегишли ҳужжатлари бўлмаган пневматик қурол топилган.
Ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳайдовчилар ва топилган қуроллар Ички ишлар органларига топширилган.
Изоҳ (0)