АҚШ Молия вазирлиги Россия банки раисининг биринчи ўринбосари Ксения Юдаева, Марказий банк раисининг ўринбосари Михаил Алексеев ҳамда молия вазири ўринбосари Владимир Количевни санкциялар рўйхатига киритди. Улардан ташқари яна 27 нафар жисмоний ва 40 та юридик шахс, хусусан, «Транскапиталбанк» ва «Инвесторгбанк» ҳам «қора рўйхат»дан жой олган.
«Откритие» банки бошқаруви раиси Михаил Задорнов ва банкнинг бир нечта топ-менежерларига ҳам санкциялар жорий қилинган. Ксения Юдаева, Михаил Алексеев ва Владимир Количев АҚШ Молия вазирлиги рўйхатида «Откритие» алоқадор шахслар сифатида келтирилган. Улар банкнинг кузатув кенгаши аъзолари бўлган, бироқ ҳозир «Откритие» банки кузатув кенгашида кимлар борлигини ошкор этмаяпти.
Шунингдек, АҚШ санкциялари Криптовалюта майнингининг энг катта дата-марказларининг энг катта операторларидан бири БитRiver ва унинг «қизлари»ни четлаб ўтмади. Компания Швейцарияда рўйхатдан ўтган.
АҚШ Молия вазирлиги «Транскапиталбанк» билан барча молиявий операцияларни 20 майдан тўхтатишни талаб қилган. Шу билан бирга, банк эгалик қиладиган компаниялар билан операциялар ҳам тақиқланди. Фақат Афғонистон ёки ижтимоий инқирозни бошидан ўтказаётган бошқа бир мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун қилинадиган транзакцияларга истисно тариқасида рухсат берилади. Мазкур ҳолатлар учун тақиқ 20 октябрдан кучга киради.
«Сарград» телеканали асосчиси Константин Малофеевга нисбатан ҳам қўшимча чекловлар жорий қилинган, у аввалроқ Вашингтон санкцияларига учраганди. Рус тарихини ёритиш жамияти ҳисобланган «Сарград» ва у билан боғлиқ тузилмалар санкцияга учради.
АҚШ Россия 24 февраль куни Украинада махсус ҳарбий операцияларни бошлаганидан кейин мамлакатга қарши санкциялар қўллаган. Вашингтон аввал Россия президенти, амалдорлари, бизнесменлари, Марказий банк, турли соҳалардаги ташкилотларига нисбатан тақиқларни амалга киритган.
Изоҳ (0)