Елена Костюченко Украинага Россиянинг «Новая газета» мухбири сифатида борган эди. Унинг Одесса, Херсон ва Николаев шаҳарларида тайёрланган репортажлари ушбу газетада цензура чекловлари билан эълон қилинган. Россия Федерацияси қонунчилигига риоя қилинганига қарамай, Бош прокуратура ва «Роскомнадзор» талаби билан матнлар ўчириб ташланган, «Новая газета» эса ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган.
«Новая газета. Европа» нашри учун махсус равишда Елена Костюченко Украинадаги урушда ўзи кўрган нарсалар ҳақида гапириб берди.
«Омадим келгани» ҳақида
— Украинадан 1 апрель куни жўнаб кетдим. Ўша пайтда ҳали бошқа нарсага чалғий олмасдим, фикр-у хаёлим ҳамон ўша ёқда, урушда эди. Ҳозир ейишга ва ухлашга ҳаракат қиляпман.Бир мартагина, шунда ҳам ўз айбим билан даҳшат ичида қолгандим. Бу воқеа Херсонда бўлганди. У ерда кечки саккиздан комендантлик соати бошланади, лекин машиналар ундан икки соат олдинроқ юришдан тўхтайди. Мен эса ўзим тунайдиган жойгача машина чақиришга улгурмай қолдим. Яъни чақиргандим, аммо ҳеч ким келмади. Пиёда етиб олишга улгурмасдим, яқин йўлдан бориш учун дарё устидан ўтган темир йўл кўпригидан юришимга тўғри келар эди.
Кўприкнинг бир четидан, рельсдан нарироқ бўлган металл тўр устидан юришим кераклигини билмагандим. Мен эса шпаллар устидан юриб ўтаётгандим, секин-аста улар камайиб бора бошлади. Шпаллар бир жойда бор, бир жойда йўқ. Оёқ остидаги ер эса ўпирилиб, унинг тагидан ўттиз метрча чуқурликда дарё кўриниб турарди. Ўша пайтда даҳшатга тушганман.
Мен бу урушда ўқ остида қолмадим. Икки марта фронт чизиғини кесиб ўтдим. Иккаласида ҳам омадим келган: қийинчиликларга учраганман, дея олмайман.Бир марта Россия блокпостларидан бирини айланиб ўтганман, улар машинани ўққа тутса-я, деган хаёлга борганман, аммо ундай бўлмаган.
2015 йилда Донбассга қилган хизмат сафарим, ҳаётимда биринчи марта урушга борганим билан таққосласак… Ўшанда мен фаол жанговар ҳаракатлар марказига тушиб қолганман. Горловкада кўп ишлаганман, у эса Украина армияси қўл остида тутиб турган ярим ҳалқада жойлашган эди. Ўша пайтда Горловка ва Дебальцеводан қай бири бардош бериб, қай бири қулаши аниқ эмасди. Горловка фаол тарзда артиллериядан ўққа тутилар эди, мен бир неча марта артиллерия ўқлари ёмғири остида қолганман. Бу қўрқинчли. Жуда кўп қурбонлар бўлганди, шу жумладан тинч аҳоли орасидан ҳам, узилиб тушган қўллар, оёқлар жуда кўп эди — буларнинг барчаси ёдимда.
Ҳозир бўлаётган урушда мен жанубий йўналишда ишладим ва бирор марта ҳам фаол жанговар ҳаракатларга дуч келмадим, лекин Николаев шаҳри ҳар куни Россия армияси томонидан ўққа тутилиб ётибди. У ерда [2015-yil] Горловкада мен ишлаган пайтимдагидек кучли отишмалар бўлмаса-да, ҳозир Украинадаги энг даҳшатли жой — бу доимий равишда ўқ ёғдирилаётган Мариуполдир. У ерга, афсуски, бора олмай қолдим, шунинг учун айтиш мумкинки, бу урушдаги энг қўрқинчли ҳолатни мен кўрмадим.
Кадр ортида қолган нарсалар ҳақида
— Бучада ўлдирилганларнинг фотосуратларини кўргандан кейин, улар ичингизда умрбод қолади, худди абадий сиймолар каби. Лекин ўша ерга, урушнинг ичига тушиб қолганингизда, ҳар битта сиймо тугал маъно касб этади. Буни фотосуратлар етказиб бера олмайди, мен жуда кучли ҳис қилган нарса шуки, бу Украина учун шунчаки уруш эмас — бу Украина учун Буюк Ватан уруши. Бу — халқ жуда жипс бўлиб бирлашган лаҳза, бу айни вақтда содир бўлмоқда. Ҳамма одамлар бирлашган: маскировка тўрлари болалар боғчаларида тўқилмоқда; Молотов коктейллари мактабларда тайёрланмоқда; одамлар ҳудудий мудофаага ёзилиш учун пора оладиганларни қидирмоқда (ҳозир ҳудудий мудофаага кириб бўлмайди); одамлар кўнгилли сифатида фронтга бормоқда, ва ҳарбий комиссариатлар (военкомат) олдидаги навбатлар ҳақидаги ҳикояларнинг барчаси — ҳақиқат. Бу навбатларни, одамлар бирлашиши лаҳзасини ўз кўзларим билан кўрганман.Волонтёрлик (кўнгиллилар) ҳаракати ҳам ғоят катта: у бутун Украинани қамраб олади. Бутунлай турлича касблар, ҳар хил ҳаёт тажрибаларига эга одамлар бошқаларга ёрдам бериш учун уюшмоқда. Улар бераётган кўмакнинг қамрови кенг.
Бу урушда мен нуқул совқотардим: бу ҳақиқатан ҳам жуда совуқ баҳор бўлди ва бўляпти. Украинларнинг шундай гапи бор: «Лаънати руслар баҳорни ўғирлади». Баҳор жуда совуқ бўляпти. Иситиш тизими ўчирилган, инфратузилма издан чиққан аҳоли пунктларида, шаҳарларда одамлар яшаш учун совуқ билан курашди. Совуқ ҳам жиддий душман, лекин уни фотосуратларда кўриб бўлмайди.
Ва умуман олганда, урушдаги маиший ҳаёт: овқат қидириш ва тайёрлашга ёки А нуқтадан Б нуқтага боришга кетадиган вақт; комендантлик соати қанча вақтни олиб қўйиши; юрган миш-мишлар, уларни текшириб кўришга (қай бири ҳақиқат-у, қай бири ёлғонлигини) уринишлар — буларнинг барчаси ҳам кадр ортида қолади.
Херсондаги митинглар ҳақида
— Истило бошланганидан буён Херсондаги одамлар ҳар куни соат 12 да истилога қарши митингга чиқади. Мен биламанки, россиялик ҳарбийлар Херсонда одамларни ўғирлаб кетиб сўроқ қилмоқда ва бу митинглар ташкилотчиси кимлигини аниқлашга интилмоқда. Аммо ҳақиқат шуки, бу митингларнинг ташкилотчилари йўқ. Фақат аниқ вақти — кундузи 12 — ва аниқ жойи — шаҳарнинг бош майдони, Озодлик майдони бор. Ҳар хил одамлар чиқиб Украина байроғини кўтариб юради, оломон орасида иккита карнай (мегафон) қўлдан қўлга ўтиб юради, одамлар у орқали ичларида тўлиб-тошган аламларни айтиб олади. Йўлнинг шундай нариги томонида эса россиялик ҳарбийлар банд қилган вилоят кенгаши жойлашган, ва уларга қарата бақириш ҳам мумкин. Уларга қараб айтиладиган асосий гап: «Соғ-омонлигингда уйингга қайт». «Украина ягона, бирдам», «Херсон — бу Украина» деб бақиришади, Украина мадҳиясини куйлашади.Мени ҳайрон қолдирадигани, одамлар Херсонни эгаллаб олган россиялик аскарларга мурожаат қилишда давом этмоқда. Бу мурожаатлар дард-алам ва бошқа турли туйғуларга тўла экани тушунарли. Лекин украиналиклар уларга мурожаат қиляпти, улар билан гаплашяпти.Бу ҳайратланарли.
Бу митингларга анча вақт оккупация (истило) маъмурлари томонидан ҳеч қандай босим ўтказилмай келаётганди. Лекин мен биламанки, митинглардан беш киши ғойиб бўлган — эҳтимол, улар ўғирлаб кетилган. Мен ўша ерда пайтимда бу «сув сулҳи» бузилганди: вилоят кенгаши биноси қаршисидаги стелага кимдир тунда, комендантлик соати чоғида қизил бўёқ билан «Украина қуролли кучлари — Донбасс фарзандлари қотили» деб ёзиб кетган эди. Ушбу стелага жойлаштирилган, Донбассда ҳалок бўлган аскарларнинг портретлари устига ёзиб кетишган. Митингга чиққан одамлар эса бу ёзувни ўчириш учун югуриб борган, аммо уларга газ гранаталари, ёруғлик-шовқин гранаталари ёғдирилган. Кекса эркаклардан бири қаттиқ жабрланганидан хабарим бор: оёқ суягига шикаст етганди. У қандай ўқ бўлгани тушунарсиз, чунки у топилмади. Операция қилган шифокорлар ўқ жанговар эмас, травматик бўлганини тахмин қилди, бироқ оёққа анча жиддий зарар етганди.
Эртаси куни одамлар яна митингга чиқди. Мен ҳам у ерда эдим. Воқеалар одатий Россияга хос сценарий бўйича ривожланди: одамлар митингга чиқади, маҳбусларни ташувчи автомобиль етиб келади, одамлар унга чиқарилади, ҳибсга олиш режалаштирилаётгани ҳақида огоҳлантиришади — одамлар бунга жавобан бақира бошлайди, кейин оломонга анча шиддат билан газ гранаталари ёғдирилади. Газли граната бир одамнинг орқасига келиб урилганига гувоҳ бўлганман — у нафас олишга қийнала бошлаганди ва «тез ёрдам» машинасида олиб кетилганди.
Одамларнинг ўғирланиши ҳақида
— Херсонда вазият анча қўрқинчли бўлишига қарамасдан, одамлар митингларга чиқишда давом этмоқда. Шуниси қўрқинчлики, одамлар йўқолиб қолмоқда. Истило бошидан буён ўғирлаб кетилган ёки ғойиб бўлган 44 кишининг исм-шарифини биламан. Агар улар ўғирлаб кетилган бўлса, буни «З» ҳарфлари тушилган Россия ҳарбий формасини кийган одамлар қилган. Кишининг бошига қора ахлат қопини кийдириб, уйидан чиқариб кетишади. Ёки бўлмаса, одамлар Россия блокпостларида ғойиб бўлмоқда. Уларнинг ундан кейинги тақдири номаълум.Бироқ мен дастлаб ғойиб бўлиб, кейинроқ қайтиб келган бир неча кишини топдим ва уларнинг ҳикояларидан қаерда сақланганини билиб олдим. Бу Теплоэнергетиклар кўчаси 3-уйдаги собиқ тергов изоляцияси бўлиб, у ерда Россия истило маъмурлари импровизацион қамоқхона ташкил қилган. Одамларни дўппослашади, сўроқ қилишади, сўнг яна дўппослашади. У ердан чиқиб кетишга муваффақ бўлган одамлар сўзларига кўра, икки нафар чет эл — Испания ва Нидерландия фуқаролари ҳам бор. Улар ачинарли ҳолатда, Нидерландия фуқароси эса ўлим ёқасида.
Шаҳарнинг етакчи Telegram-каналларини қидиришмоқда, чунки Херсондаги анъанавий ОАВлар ишлашдан деярли тўхтаган. Журналистлар, фаоллар, волонтёрлар ва қачондир Донбассда хизмат қилган одамларни ҳамда УХХ (Украина хавфсизлик хизмати) ходимларини қидиришган. Аммо, билишимча, УХХ ходимларининг барчаси урушнинг илк кунлариданоқ шаҳарни тарк этган, шунинг учун ҳам уларни топиша олмаган, менимча. Оддий фуқаролар эса фаол равишда ғойиб бўлмоқда: 5 апрель куни Херсон мери 100 дан ортиқ киши йўқолганини маълум қилганди.
Қамалдаги ҳаёт ҳақида
— Херсон истило бошланганидан буён қамал ичида қолган: шаҳарга кириш ва чиқиш йўлларининг барчаси Россия армияси томонидан назорат қилинади, логистика жуда бузилиб кетган. Бу озиқ-овқат ташиш ва дори етказиб беришни нормал ташкил этишга халал беради. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ вазият яхшиланди, чунки улгуржи база яна ишлашни бошлади ва шаҳарга сабзавотлар олиб кирилди, аммо дорилар билан боғлиқ ҳолат жуда ёмон.Херсон касалхоналарида энг муҳим дориларнинг бир-икки ойга етадиган захираси бор. Булар касалхонага келиб тушган жуда кескин ҳолатдаги одамлар учун керак бўладиган дорилардир. Бироқ сурункали касалликларда зарур бўладиган, яшашга кўмаклашиб туриши учун қабул қилиш керак бўлган дорилар гуруҳларининг ҳеч бири шаҳарда йўқ. Юрак дорилари, қон босимини пасайтирувчи ёки нормаллаштирувчи дорилар, психотроп дорилар, Л-тироксин (бу дорини қалқонсимон бези олиб ташланган ёки ишламайдиган одамлар бутун умр қабул қилиб юриши керак), гормонал дориларнинг ҳеч қайсиси йўқ. Бу гуманитар ҳалокат. Ўз яқинларининг аҳволи кундан кунга ёмонлашаётганини кўриб туриб, уларга ёрдам бера олмаётган херсонликлар учун эса жуда оғир вазият.
Шаҳардан чиқиб кетишнинг деярли иложи йўқ. Мен эса бир мўъжиза сабаб бунга муваффақ бўлдим.
Шаҳардан чиқиб кетишга уринган оддий фуқаролар машиналари, шу жумладан, ичида болалар бўлган автомобиллар ҳам ўққа тутилгани қайд этилган ҳолатлар бор. Шундай ўққа тутилган битта машина ҳақида аниқ биламан, лекин, тушунишимча, бундай ҳолатлар бир неча марта юз берган.У ерда Херсондан Николаевга олиб борувчи иккита асосий йўл бор. Шаҳардан чиқиб кетаётганимда дастлаб Чернобаевкага олиб борадиган йўл бўйлаб юрдим. Россиянинг учта блокпостидан муваффақиятли ўтиб олдим, учинчи блокпостда менга: «Сизни ўтказиб юборамиз, лекин кейинги блокпостда сизни ўққа тутишади», — дейишди. Менинг «Нима учун?» деган саволимга жавобан уларда шаҳардан чиқиб келаётган барча машиналарга ўқ узиш ҳақида буйруқ борлигини айтишди. Мен: «Оддий фуқаролар машиналариними?» — деб сўрадим. У тасдиқ жавобини берди, шу жумладан оддий фуқаролар машиналари ҳам, деди. Мана шуни ўз қулоқларим билан эшитдим.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳозир икки баравар қимматлашган, тухум эса, масалан, уч баравар қимматлашган. Асосий катта супермаркетлардан ун, макарон, ёрмалар, шакар ғойиб бўлган. Лекин уларни бозордан уч баравар қимматга топиш мумкин. Шаҳарга фақат Россия гуманитар ёрдами етказилмоқда, Украина гуманитар ёрдами қўйилмаяпти. Мен ўша ерда пайтимда юк машиналаридан гуманитар ёрдамни туширишганини кўргандим.
Шу ерда херсонликлар учун мураккаб маънавий танлов юзага келади: истило маъмурларидан ёрдам олиш керакми, йўқми? Бу ёрдамни қабул қилган одамларни кўрганман. Улар билан суҳбатлашганман. Умуман олганда, бу одамлар — улар қанчалик самимий, билмайман — Россия пропагандаси ҳикоясини такрорлайди: «Руслар тартибга келтириш учун бу ерга келди; бизнинг ҳукумат ёмон, рус ҳукумати эса яхши; улар бу ерда бизнинг ҳаётимизни яхшилаб беради». Бу гуманитар ёрдамни олган одамлар, кўрдимки, бунга жуда-жуда эҳтиёжманд, улар жуда ночор одамлар. Умуман олганда, уларнинг бошқа йўли йўқ, буни ўзлари ҳам айтиб туради. Улар қимматлашиб кетган маҳсулотларни сотиб ололмайди — улар бепул маҳсулотлар тўплами учун навбатда туришга мажбур. Бу навбатларда, сиёсат ҳақида гап кетганда, улар Россия ҳукуматидан қанчалар миннатдор эканини айтади. Россия ҳукумати бу одамларни шундай вазиятга қўйгани менга қабиҳ бўлиб туюлади. Бу миннатдорликни самимий деб қабул қилиш керак, деб ўйламайман: бу одамлар жуда қийин шароитда қолдирилган.
Қрим — Херсондан чиқиб кетишнинг ягона усули. Истило маъмурлари томонидан ишлаб чиқилган эвакуация йўналишлари фақат Қрим, босиб олинган ҳудуд томонга бор. Биламан, одамлар шунга ҳам рўйхатдан ўтади. Рўйхатдан ўтиш вилоят кенгаши биносида бўлади, автобуслар ташкил қилинади ва 2—3 кунда бир марта улар карвон бўлиб Қримга йўл олади. Аммо билишимча, директорлар Херсондан урушнинг энг биринчи кунларида, ҳали бунинг имкони бўлган пайтда чиқиб кетган. Ва улар Украина назорати остидаги ҳудудга қараб кетган. Херсон маъмурияти ҳисоб-китобларига кўра, шаҳарнинг тахминан учдан бир қисми кетиб қолган. Қримга автобуслар оқими қанчалик серқатновлигидан хабарим йўқ, мен у ердалигимда кўрмаганман.
Ўзини ҳимоя қилиш ҳақида
Мен Водников касалхонаси бош врачи Алла Павловна Малицкая билан суҳбатимни эслаб қолганман. Дастлаб у менга касалхонада йўқ нарсалар ҳақида, уч ҳафтадан кейин диализ учун сарф материаллари ва бошқа нарсалар тугаши ҳақида узоқ гапирди. Кейин унинг ёнига истило маъмурлари келиб унга қандайдир ёрдам кераклиги билан қизиққанини айтди. У: «Бизнинг ҳеч нарсага эҳтиёжимиз йўқ», — деб жавоб берган. Ундан нима учун бундай деганини сўрадим. У айтдики, Украина жиноят кодексида истилочилар билан бирга ишлаганлик, ҳамкорлик қилганлик учун модда бор экан. «Агар шундай модда бўлмаганида, олармидингиз?» — деб сўрадим. У барибир олмаган бўлишини айтди.Сабаби билан қизиқдим. Айтишича, унинг оиласи Қримдаги бир қишлоқдан экан. Жуда қадимий, жуда украинча бир қишлоқ экан. У Херсонда яшаб, касалхонага раҳбарлик қилган, ота-онаси эса Қримда яшайверган. Истилодан кейин отаси вафот этган, у эса онасининг елкасига молиявий юк тушмаслиги учун Херсондан қабр тоши буюртма қилган. Қабр тошини у бир неча марта чегарадан олиб ўтишга уринган. Яъни Украина назорати остидаги ҳудуддан Россия назорати остидаги ҳудудга, Қримга. Ҳар сафар бу ёдгорлик учун рад жавоби олган. Гоҳ рухсатнома талаб қилишган, гоҳ 3,5 минг доллар ёки евро сўрашган. Ҳар сафар у бу қабр тоши билан Херсонга қайтиб келаверган. Охир-оқибат, онаси ҳам вафот этгач, уни энди Херсонга, отасидан алоҳида жойга дафн қилган. Энди эса унинг шаҳри ҳам истило остида қолди. Бу ҳикоя менга қаттиқ таъсир қилди.
Тропиних номидаги касалхона бош шифокори россиялик ҳарбийлар келиб, гоҳ у, гоҳ бу нарсани сўрагани ва касалхонада осилиб турган Украина байроғини олиб ташлашни талаб қилганини айтиб берганди. Кекса ёшдаги бош шифокор байроқни туширмаслигини айтган. Улар кечқурун қайтиб келишини, шунгача байроқ бўлмаслиги кераклигини тайинлаган. Сиз нима қилдингиз, деб сўрадим ундан. У эса тинч ва хотиржам ҳолатда деди: «Ҳеч нарса қилмадим. Кўрдингиз-ку: байроқ осилиб турибди — улар қайтиб келмади». Мана шу хотиржамлик — буни ҳатто мардлик деб ҳам бўлмайди, — балки шунчаки хотиржам туриб ўзини, «ўзиники»ни ҳимоя қилиш жуда ҳайратда қолдиради, албатта.
Ҳалок бўлганлар, ҳарбийлар ва тинч аҳоли ҳақида
— Мен Херсон вилоят судтибэкспертиза бюросида бўлганман, унинг раҳбари билан суҳбатлашганман. Маълум бўлишича, жасадларнинг учдан икки қисмининг шахси аниқланмаган, яъни улар жуда ёмон аҳволда.Ва у уруш бошланганидан кейин уч ҳафта ўтиб, Украина томонидан қабул қилинган ҳужжатни кўрсатди, унга мувофиқ, жасадни исталган шифокордан олиш мумкин бўлган ўлим ҳақидаги маълумотнома билан бирга сақлаш мумкин. Яъни агар аввал ғайритабиий ўлим кўрган жасадларнинг барчаси судтибэкспертизадан ўтган бўлса, энди бу мажбурий бўлмай қолган.Ва у қурбонларнинг ҳақиқий сонини ҳозирча билмасликларини айтди. Одамлар шундай маълумотномаларни олиб жасадларни дафн қилмоқда. Ёки ҳатто бу маълумотномаларсиз ҳам дафн этмоқда. Масалан, Херсонни мудофаа қилишга уриниш чоғида ҳалок бўлган ҳудудлар мудофааси жангчилари шундай дафн қилинган. Бу 67 жасаддан фақат биттаси вилоят бюроси орқали ўтган.
Аммо Херсонда, тушунишимча, шунчаки тириклайин куйиб кетиб ҳалок бўлган ҳарбийлар кўп. Чунки биринчи кунлари Россия ҳарбий қисмларга — одамлар ухлаб ётган казармаларга зарбалар берганди. У ердан чиққан куйиб кетган жасадлар жуда кўп. Антонов кўпригидан жуда кучли шикаст кўрган жасадлар келган.
Тинч аҳоли вакиллари, оддий фуқаролар жасадлари ҳақида гапирсак, улар орасида снаряд парчасидан етган яралар, ўқ теккан яралар ҳам бор. Менга шаҳардан чиқиб кетишда ўққа тутилган машина ҳақида жуда аниқ қилиб айтиб беришганди: унда уч нафар катта одам ва икки нафар бола бўлган, кичкина бола уч ойлик ўғил бола бўлган. Уларда ўқ теккан яралар бўлган. Яъни одамлар қўл қуролидан отиб ўлдирилган.
Николаев шаҳрида ҳам судтибэкспертиза бюросида бўлганман, у ерда ҳалок бўлган оддий фуқароларнинг асосий қисмига снаряд парчалари теккан. Марҳумлар орасида болалар ҳам бор. У ерда икки қизчанинг, опа-сингилларнинг жасадларини кўргандим. Икки жасад устма-уст ётарди. Пастдаги, катта қизча Вероника Бирюкова 17 ёшда, кичиги — Арина Бутим 3 ёшда эди. Иккаласи ҳам Мешково-Погорелово қишлоғида яшаган. Снаряд парчалари тегиб ҳалок бўлган. Уларнинг онаси ҳам яраланган, аммо у тирик қолган.
Ўша пайтда болалар уйига кетаётган тарбиячилар ўтирган машинадан жасадлар олиб келингани йўқ эди. Уруш бошлангач, болалар уйи Николаевдан 67 км узоқликдаги Антоновка қишлоғига эвакуация қилинганди. Бу қишлоқ яқинига Россия қўшинлари келиб жойлашган. Машина тарбиячилар, психологлар, ҳамширалар, яъни ходимлар сменасини биринчи марта олиб кетмаётган эди. Ва ичида саккиз нафар аёл бўлган бу машина қандайдир йирик калибрли қуролдан (қанақа қуроллиги унча тушунарли эмас) ўққа тутилган. Уч аёл ҳалок бўлган, уч аёл яраланган, ҳайдовчи ҳам жароҳат олган. У ноҳарбий машина бўлган, унга қизил хоч белгиси туширилган, бу ушбу машина гуманитар миссия билан юриб кетаётганини англатади. У эса россиялик аскарлар томонидан отиб ташланган. Бу мен билганларим. Мен ҳолатни ўргандим ва ҳайдовчи билан кўришдим. Менда ўша жойдан олинган фотосуратлар бор. Ҳалок бўлганларнинг исм-шарифларини биламан. Аслида ўлимлар, яраланишлар, ҳужумларни ҳужжатлаштириш иши оғир, аммо зарурдир.
Мудҳиш лотерея ҳақида
— Жуда кўплаб оддий тинч фуқаролар урушнинг илк кунларидан шаҳарни тарк этиб хатоликка йўл қўйди, улар қишлоқларга, шаҳарлар ташқарисига кетиб, у ерда жиддий жанговар ҳаракатлар бўлмайди, деб умид қилган. Охир-оқибат, аксарият шаҳарларда фронт чизиғи айнан қишлоқлар ва шаҳар ташқарисидан ўтди. Мана ҳозир Буча ва Гостомел мисолида биз қишлоғингда Россия қўшинлари турганида нима содир бўлиши ҳақидаги даҳшатли ҳақиқатни билиб оляпмиз. Қамал қилинган ягона йирик шаҳар — энг даҳшатли мисол, — бу Мариупол. Шаҳар деярли вайрон қилинган.Умуман олганда, одамлар қишлоқларга кетиб, нотўғри танлов қилди, деб мен айтаяпман. Аслида урушда тўғри ёки нотўғри танлов қилиб бўлмайди. Қайсидир йўлни танлаётганингда, у сени қутқариб қолиши ёки ўлимга олиб келишини олдиндан била олмайсан. Айниқса, яқинларингнинг ҳаёти сенга боғлиқ бўлганида, нафақат ўзинг учун, балки ўз оиланг учун қарор қабул қилишинг керак бўлса, ва сен нима қилишни билмасанг, бу доим елкангда турадиган юкдир. Яъни кимдир кетиб, ўша ерда ҳалок бўлди, кимдир эса кетишга уриниб, барча блокпостлардан ўтиб олди ва жўнаб кетди, яна кимдир шаҳардан кетди, аммо уни отиб ташлашди.
Менга шундай воқеани айтиб беришганди: Мариуполда икки йигит егулик излаб чиққан, ҳуштак овози эшитилганида, бири иккинчисига «ёт» деб қичқирган ва улар икки томонга қараб йиқилган. Улардан бири тирик қолган, иккинчисини эса снаряд парчалари иккига бўлиб юборган.Бу шунақа мудҳиш, инсоний бўлмаган лотерея. Аслида, мана шу нарса, ўзини тутишнинг хавфсиз стратегияси йўқлиги урушда одамларни жуда азоблайди.
Жавобсиз саволлар ҳақида
— Оддий фуқаролар машиналарини нима сабабдан ўққа тутишларини билмайман. Болалар уйи тарбиячилари ўтирган машина ҳайдовчиси айтдики, огоҳлантирувчи ўқлар отилган бўлиши мумкин, лекин ҳеч ким буни тушунмаган, чунки одамлар огоҳлантирувчи ўқларни таниб оладиган даражада кўп эшитмайди.Херсоннинг ўзида мен ҳам ёниб кетган машиналарни кўрганман. Жасадлар олиб кетилган, аммо ёнган машиналарнинг ўзи қолган. Бу қандай бўлган? Нима учун? Бу вақтда уларни нима бошқарган?
Хабарим бор, судтибэкспертиза бюросидан марҳумларни қабристонга ташийдиган машина ўққа тутилган. Биттагина машина ҳар куни одамларни дафн қилиш учун битта йўналишдан юради. Марҳумларнинг қариндошлари ҳозир бормай қўйган, чунки блокпостлардан ўтиш қийин ва хавфли. Видолашув моргда бўлиб ўтади, шундан кейин жасад ўралади — агар пул бўлса, тобутга, пул бўлмаса ва тобут бўлмаса, шунчаки қопга солинади. Ҳозир асосан қора санитария қопларига солиниб, қабристонга олиб кетилмоқда. Мана шу жасад ва икки гўрковни олиб кетаётган машинага ўқ узилган.
Йигитлар машинадан югуриб тушган, унинг ёнига, ерга ётиб олган, ўқ ёмғири тўхташини кутган. Улар ўқотар қуролдан ўққа тутилган, яъни машинани нишонга олиб ўқ узишган — бу шу яқиндаги қандайдир тасодифий артиллерия зарбаси бўлмаган. Кейинроқ, ўқ ёмғири тўхтаганидан кейин, улар машинага ўтириб, қайрилган ва ортга қайтиб кетган.
Бир кун марҳумлар кўмилмасдан қолиб кетган, кейин йигитларнинг ўзлари: «Жасадларни дафн қилиш керак-ку — борамиз». Ва улар ўша йўналиш бўйича жасадларни дафн қилиш учун йўл олган ва бу сафар улар ўққа тутилмаган. Яъни бу қандай содир бўлган, нима учун, ўзи умуман нима сабабдан жасад ташувчи машинага ўқ узилган, нимани кўзлаб бундай қилишади, буларни тушуна олмайман.
Инсонийликдан чиқиш ҳақида
— Николаев шаҳридаги ҳарбий қисм казармаси 7 март куни тонгги 5 да — одамлар ухлаб ётган пайтда нишонга олинган эди. Тўққиз киши ҳалок бўлган. Уларнинг 5 нафари муддатли ҳарбий хизматчи. Тушунишингиз учун айтаман, украиналик муддатли ҳарбий хизматчилар умуман урушда иштирок этмайди. Улар ҳарбий хизматга чақирилувчилар. Украинада 20 ёшдан чақирилади, яъни улар муддатли ҳарбий хизматни ўтайдиган ёш йигитлар. Бир жасад топилмаган. Уни қидирганларига гувоҳ бўлганман. Бир неча кун давомида вайроналарни титиб чиқишган. Николаевдан кетганимдан кейин, яна бир казарма нишонга тушганини, ўта кўп киши ҳалок бўлганини эшитдим. Менга 100 киши дейишди, аммо якуний рақамлар қандай бўлганини билмайман.Мен омон қолган йигитлар билан суҳбатлашиб кўрдим. Улардан бирининг исми Ярослав эди. У билан бирга хизмат қилган дўстларининг барчаси ҳалок бўлган. Фақат у ва дўсти Энтони тирик қолган. У менга шундай деди: «20 ёшдаман. Ветеринар бўлиш учун ўқидим. Энди ҳеч кимга ачинмайман». Мана, раҳм-шафқат, ачиниш ҳисси сиқиб чиқарилиб, унинг ўрнини уруш эгаллаган ҳолат. Ҳамма нарсани уруш эгаллаб олади — бу ҳаммага тегишли ҳолат.
Худди шундай ҳолатни Донбассда [2015-yilda] ҳам кўргандим. Яъни аста-секинлик билан инсонийликдан чиқиш юз беради. Украина қўмондонлиги бунга борича қаршилик кўрсатаётганига гувоҳ бўлдим: ҳарбий хизматчиларга ғанимларни таҳқирламаслик, жангчиларни динига қараб ҳақоратламаслик ҳақида турли даъватлар бўлганди.Масалан, ҳалок бўлган қодировчиларни чўчқа терисига ўраш ҳақидаги таклифлар бўлганди. Аммо, албатта, уруш қанчалик узоқ давом этгани сари одамларда инсонийлик туйғуси шунчалик камайиб боради.
Волонтёрлардан бири менга ҳалок бўлган россиялик жангчилар суратлари жойлаб бориладиган Telegram-канални кўрсатиб, жуда шодланган эди. Биласизми, шундай дастурча бор: у ерга одамнинг суратини киритасиз — ва у, гўёки, кулади, қандайдир қўшиқни айтади, рақсга тушади. Қатл қилинган россияликлар — чирий бошлаган, техника эзиб қўйган, оёқ-қўллари узилиб кетган мурдаларнинг суратлари — куйламоқда ва рақсга тушмоқда. Ва ўша волонтёр айтдики, улар қариндошлари ҳозир Украинада жанг қилаётганларни қидириб топишга ҳаракат қилиб, уларга шу видеоларни жўнатар экан.
Урушдаги ҳис-туйғулар ҳақида
— Мен ўз қаҳрамонларим билан алоқада бўлиб тураман. Уларнинг барчаси тирик. Қаҳрамонларимдан бири — Россия армияси томонидан фаол равишда қидирилган херсонлик журналист Константин Риженко бироз вақтга йўқолиб қолганди. Ҳамма даҳшатга тушиб қўрққанди, аммо ҳозир у қайтиб келган, ўзи алоқага чиқди. Албатта, мессенжерлар орқали тафсилотларни сўраб бўлмайди, шундай бўлса-да, у тириклигидан жуда хурсандман.Мен россиялик аскарлар билан бевосита мулоқот қилмаганман, аммо Херсондаги одамлар улар билан гаплашаётганини эшитганман, улар вилоят кенгашидаги аскарлар олдига бориб, уларга гуманитар ёрдам, дорилар, Қримга кетиш масалаларида мурожаат қиларди. Одамлар келиб, саволлар берганига гувоҳ бўлганман. Бир қиз улардан истилочи сифатида ўзларини қандай ҳис қилишаётгани ҳақида сўради. Менинг ёшимдаги бир ҳарбий эркак унга: «Лекин биз сизларга ҳеч қандай ёмонлик қилмаяпмиз-ку?» — деб жавоб берди. Қиз: «Лекин бу ерга келишда бизнинг қаршилик кўрсатиб, сизлар билан жанг қилган одамларимизни ўлдиргансиз-ку?» — деди. У эса: «Мен ҳеч кимни ўлдирмаганим аниқ», — деди. Қиз ундан буни қаердан биласиз, деб сўради, у эса: «Буни ич-ичимдан ҳис қиламан», — деб жавоб қилди.
Икки қизи ҳалок бўлиб, уларни дафн қилмоқчи бўлиб турган бир ота билан гаплашсам, унда ғам-қайғу ва қўрқувдан бошқа ҳис-туйғуларга жой бўлмаслиги тушунарли. Агар ҳарбий хизматга чақирилган ва навбатда туриб, военкоматга муваффақиятли ёзилган; ҳали урушда бўлиб кўрмаган, яъни жанг қилмаган, аммо эртага урушга кетиб жанг қиладиган 20 ёшли йигитча билан гаплашсам, у ўзини ботир қилиб кўрсатади, қувонади, бундан фахрланади ва албатта, қўрқувни ҳам ҳис қилади. Урушда қандайдир, ҳамма учун умумий бўлган ҳиссиёт бўлмайди, қандайдир умумий фон йўқ.
Такрор айтаман, сизнинг ҳар бир танловингиз нотўғри бўлиб чиқиши мумкин. Ҳеч нарсани олдиндан аниқ айта олмайсиз, лекин айни пайтда яқинларингизни севишда, улар ҳақида қайғуришда давом этасиз.Шаҳардан эвакуация қилишга уриниш ёки шаҳарда қолиш масаласи кўтарилганида, бу жуда оғриқли савол бўлиб, турли одамлар буни ўзи учун тўғри еча олмайди.
Ҳали бу босқичга гувоҳ бўлганим йўқ, лекин Донбасс мисолида биламанки, бироз вақтдан кейин алдамчи хавфсизлик туйғуси пайдо бўлади. Урушда бир, икки, уч ой ўтиб, сиз эса тирик қолсангиз, дангасаликка ўхшаган ҳиссиёт келиб чиқади, худдики сиз кучни тежаш режимига ўтасиз. Масалан, ҳаво тревогаси бошланганида ертўлага тушмай қўясиз. Билишим бўйича, оддий фуқаролар ўлимлари сони одатда айнан урушнинг иккинчи ёки учинчи ойида ошади, чунки одамлар қўрқишдан ва ҳар битта ҳаракати билан ҳаётини сақлаб қолишга уринишдан шунчалик чарчайдики, бунга интилмай қўяди ва ҳалок бўла бошлайди.
Инсоний хоҳиш-истаклар ҳақида
— Мен ўзим бу уруш бўлишига ишонмаганман. Сўнгги лаҳзагача. Ҳатто шундай бўлганки, кечаси уйғониб кетганман, дугонам менга Киев бомбардимон қилинаётгани ҳақида хабар берган, мен эса: «Ким бомбардимон қиляпти?» — деб сўраганман. Россия Украина шаҳарларига бомба ёғдира олишига ишонмаганман. Ҳатто Донбассда бўлиб, кўп нарсаларни кўрганимга қарамай.Гап муросаларда эмас. Ўйлашимча, гап шундаки, барчамиз ўзимизнинг яхши ҳаётимизни бошқа одамларнинг ҳаётларидан юқорига қўямиз. Урушда ғалати лотереяга ўхшаган ҳиссиёт бор. У, албатта, анча кам даражада бўлса-да, йиллар давомида Россияда мавжуд бўлиб келган. Яъни биз ҳаммамиз исталган лаҳзада қамоққа тушиб қолишимиз мумкинлигини англаган ҳолда яшаганмиз. Ҳатто сиз сиёсий бефарқ бўлсангиз ҳам. Чорак тугаётганида ментлар режани бажариши керак, дейлик, сизга наркотиклар ташлаб қўйишади ва сиз 7 йилга кесиласиз. Дугонангиз билан учрашиш учун шаҳар марказига, кафега борасиз, унинг ёнида митинг бўляпти, мент бошингизга дубинка билан уради, сиз йиқиласиз ва ҳушингизга келганда қарабсизки, ногиронсиз. Шунақа нарсалар юз бериши мумкин эди.
Биз ҳозир Бучани кўриб даҳшатга тушяпмиз ва бу асоссиз эмас. Лекин, келинг, Бесланда нималар бўлганини эсга оламиз. Гаровга олинганлар билан тўла бўлган мактаб танклар ва ўтсочарлар билан ўққа тутилганини, шиддатли ҳужум чоғида жуда кўп болалар ва катталар ҳалок бўлганини эслайлик. Улар россиялик болалар эди. Путин ўшанда уларга ачингани йўқ. Энди нима учун Бучадаги одамларга ачиниши керак? Афсуски, буларнинг барчаси анчадан буён пишиб келаётган эди. Афсуски, фашизм Россияда илгаридан ҳукм суриб келаётган эди, бу тўсатдан юз бергандек тутсак, адолатдан бўлмасди. Мен ўзим жуда уяламан. Ўтган йилларни эслаб, кам ишлаганимни тушунаман. Бундан кўпроқ нарсани қила олишим мумкин эди. Аммо менда ҳам шинамлик (комфорт) истаги, уйимни таъмирлаш, дам олишга кетиш, китоб ўқиш истаги бўлган. Инсоний хоҳиш-истаклар… Бироқ мамлакатингиз диктатурага қараб бораётганида, сиз бу истакларга берилиб, унинг бу йўлини давом эттирасиз.
Ахир аслида ҳукумат ўтган йиллар давомида ҳатто содиқликни эмас, сустликни талаб қилган. Биз унинг илтимосларини бажариб келдик, энди эса биз урушни тўхтатиб, ҳукуматни алмаштирмоқчи бўлганимизда, бизда бунинг учун восита йўқ. Бизда мухолифат йўқ, мустақил ОАВлар йўқ. Улар ё блоклаб қўйилган, ё «Новая газета» каби фаолиятини тўхтатишга мажбур қилинган. Бизда сайловлар йўқ, парламент йўқ. Урушни тўхтатиш учун қўлимизда жуда кам қуроллар қолган, лекин бу биз ҳаракат қилмаслигимиз керак, дегани эмас.
Уят паради
— Путин бирдан ақлдан озиб қолиб, ҳеч ким кутмаган урушни бошлади, деб бўлмайди. Биринчи чечен урушини, Иккинчи чечен урушини, Грузия билан урушни, Россия Сурияда қилган ишларни ёдга олиш мумкин. Россия режими фашистлар режими деган таърифга анчадан буён мос тушишини эслаш мумкин. Россия ҳудудида 177 минг нафар ногиронлиги бўлган одамлар борлиги, улар концлагер деб аташ мумкин бўлган психоневрологик интернатларда яшашини эслаш мумкин. Россияда одамлар қамоқхоналарда, полиция бўлинмаларида қийноққа солинишини эслаш мумкин. Россияда маиший зўравонлик жиноят эмас, деб ҳисобланишини ва минглаб аёллар эркаклар қўлидан ўлиб кетаётганини, чунки қонун уларни ҳимоя қилмаслигини, қонун улар томонида эмаслигини эслаш мумкин. Мустақил ОАВлар ўтган йиллар давомида йўқ қилинганини эслаш мумкин. Мухолифат қирилганини: мухолифат етакчилари ҳалок бўлганини, қамоққа тушганини эслаш мумкин. Путиннинг ҳокимияти мутлақ ҳокимиятга айланганини эслаш мумкин.Ва аслида, Путин украинларни ўлдиришга келгунича, йиллар давомида у россияликларни ўлдириб келган. Шунинг учун бу ерда буларнинг барчасига кўниб келган бутун дунёга қарата ҳам савол туғилади, лекин, албатта, асосий савол россияликларга қаратилган.Урушга бориб, матнларимни ёзаётган пайтларда, Россияда нималар бўлаётганини, россияликлар нималарни ёзаётганини ўқиш учун қайсидир ижтимоий тармоқларга, Facebook, Twitter’га кирардим. Ўшанда ор-номус, уят парадини, яъни одамлар Россияда юз бераётган ҳодисалар, биз дуч келган вазият қанчалар даҳшатли эканини тўсатдан англаб етиши ҳолатини кўрардим, аммо биз тушган вазият анча олдиндан шаклланаётган эди.
«Такие Дела» нашри журналисти Яна Кучина таърифлаганидек: «Биз яхши ишларни нотўғри тартибда қилганимиз учун айбдормиз». Яъни демократия учун курашиш (бу қандайдир кулгили эшитилади), Россия келажаги учун курашиш, мамлакатда ҳокимиятни зўрлик билан тортиб олган сиёсий режимга қарши курашиш ўрнига, биз барчамиз ўзимизнинг майда-чуйда ишларимиз билан шуғулланганмиз. Бойроқ ва муваффақиятлироқ бўлганлар фондлер, музейлар, кўргазмалар ташкил қилган, гўзал боғлар урбанистлар томонидан қуриб берилган, бунинг учун уларга раҳмат. Камбағалроқ бўлганлар эса оиласи билан кун кўриш билан банд бўлган. Барчамиз биргаликда мамлакатимизда юз бераётган воқеаларнинг мудҳишлигига кўз юмганмиз. Бу мудҳиш махлуқ катталашиб, қўшниларига ҳужум қилди. Энди эса биз барчамиз бунга дахлдормиз, бунга алоқамиз бор.
Изоҳ (0)