Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон 177 та давлат орасида 117-ўринни эгаллаган. Бу ҳақда 14 апрель куни Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилишида Сенат раиси Танзила Норбоева маълум қилди, деб хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ушбу индексда 2021 йилга нисбатан 9 поғонага пасайган ва иқтисодиёти «асосан эркин бўлмаган мамлакатлар» гуруҳида қолган.
«Албатта, Индекснинг ‘Эркин савдў кўрсаткичида Ўзбекистоннинг ўрни рекорд даражада яхшиланганини эътироф этиш жоиз. Ушбу индикаторда мамлакатимиз АҚШ, Япония, Хитой ва Россия сингари ривожланган давлатларни ортда қолдириб, 2021 йилдаги 163 ўриндан 67-ўринга кўтарилди ва Марказий Осиё давлатлари орасида етакчиликни қўлга киритди. Бундан ташқари, инвестиция, молиявий эркинлик ва монетар эркинлик кўрсаткичларида сезиларли ўсиш қайд этилди», — дейди Сенат раиси.
Танзила Норбоева, шунингдек, индекснинг айрим кўрсаткичларида самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига эришилмаганини қайд этиб ўтди.
Унинг айтишича, энг ёмон кўрсаткич Олий суд масъул бўлган «Суд фаолияти самарадорлиги» йўналиши бўлган. Амалдаги 50,8 баллдан 13,1 баллга (-37,7) пастлаган.
«Молия вазирлиги масъул бўлган ‘Солиқ юки’ ва ‘Фискал саломатлик’ кўрсаткичларида ҳам балларимиз пасайганлиги ҳисобига KPI’га эришилмади. Иқтисодий тараққиёт вазирлиги масъул бўлган «Бизнес эркинлиги» кўрсаткичида мамлакатимиз ўрни 14,4 баллга пасайиб, KPI’га эришилмади. Бандлик вазирлиги масъул бўлган ‘Меҳнат бозори эркинлиги’ индексида ҳам KPI’га эриша олмадик. Кўриб турганимиздек, KPI’га эришиш бўйича ишларимиз қониқарли даражада эмас», — дейди Сенат раиси.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)