Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Бу ҳақда ССВ хабар қилди.
Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан академик Й.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори вазифасида ишлаб келган Бобур Тешаев Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.
36 ёшли Бобур Тешаев Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг умумий ва нейроэндокринология бўлимларида ишлаб, тажриба орттирган. Кейинчалик Сурхондарё вилояти Эндокринология диспансери бош врачи лавозимида фаолият юритган.
Тешаев Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори вазифасида 2018 йилдан буён ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти ССБнинг аввалги бошлиғи Равшан Тулаков бўлган. У бу лавозимда 2020 йил ноябрь ойидан буён ишлаб келаётган эди. Тулаковнинг ишдан олиниш сабаби ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
Изоҳ (0)